Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 январдаги №27-сонли қарорига мувофиқ Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Янги тартиб фуқаролар учун очиқлик, адолат ва қулайликни таъминлашга қаратилган бўлиб, зиёратчиларни рўйхатга олиш ва саралаш жараёнларини инсон омилидан холи қилишни кўзда тутади.
Порталда рўйхатдан ўтиш вақти сониясигача аниқ қайд этилади. Ариза берган фуқарога шахсий навбат рақами СМС орқали юборилади ва ҳар бир зиёратчи ўз навбатининг ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Автоматик текширув
Тизим фуқаронинг илгари Ҳаж зиёратида бўлган-бўлмаганини, шунингдек, ёш мезонларини белгиланган қоидалар асосида автоматик тарзда текширади.
Тиббий филтр
Навбати етган номзодлар давлат томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Фақатгина саломатлиги Ҳаж сафаридаги жисмоний юкламаларга мос келадиган фуқаролар кейинги босқичга ўтади.
Жамоатчилик назорати
Маҳаллалардаги Жамоатчилик кенгашлари порталда шаклланган рўйхат асосида номзодлар билан манзилли иш олиб боради. Улар фуқароларнинг ижтимоий ҳолати ва ҳақиқий эҳтиёжини ўрганиб, шаффофликни таъминлайди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.