Ўзбек–қирғиз чегарасида “Зардекс” дориларини ноқонуний олиб кириш ҳолати фош этилди

Ўзбек–қирғиз чегарасида “Зардекс” дориларини ноқонуний олиб кириш ҳолати фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган тезкор тадбир давомида “ўзбек–қирғиз” давлат чегарасининг Фарғона вилояти Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмини ноқонуний равишда кесиб ўтган ҳолда қўшни давлатдан Ўзбекистонга кириб келган шахс қўлга олинди. Аниқланишича, у Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро ҳисобланади.

Холислар иштирокида ўтказилган текширувда унинг ёнидан умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион сўмга тенг бўлган 9 542 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда олиб қўйилди.

Маълум қилинишича, мазкур дори воситаси таркибидаги “Прегабалин” моддаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сонли қарорига мувофиқ кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, унинг эркин муомаласи қонунчилик билан чекланган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми, 246-моддаси 1-қисми ва 251¹-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни пайтда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.