Суҳбат Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ собиқ бошлиғи, кейинчалик лавозимидан озод этилган Отабек Жамолов билан бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида президент участка нозирларининг сони ва ИИБ раҳбарияти улар билан қандай тизимли иш олиб бораётгани билан қизиқди.
«Менга ростини айт, ўзим сизларнинг ишингизни билмоқчиман. Ҳафтада неча марта «участкавой»ларни йиғасан — тизимли равишда, ҳудудлар бўйича, омиллар бўйича, жиноятлар бўйича — уларга вазифалар қўйиб, натижаларини сўрайсан?» — деб сўради Шавкат Мирзиёев («Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига кўра).
Президент душанба кунлари мунтазам ўтказиладиган йиғилишлар, ҳайфсанлар бериш, прокурор ва ҳоким билан биргаликда маҳаллаларни айланиб чиқиш, «маҳалла еттилиги» фаолияти билан танишиш ҳақидаги тушунтиришларни тинглаб, уларнинг самарадорлигига шубҳа билдирди.
«Ўзинг шу айтган гапинга ишонасанми? Менга у гапларни нима қиласан айтиб? „Еттилик“ билан сени нима ишинг бор? Сенинг нима алоқанг бор „еттиликка“? Сен „участковойинг“ билан шуғуллан. Нимага менга у чўпчак гапларни гапирасан?» — деди у.

Жамолов президентнинг сўзларидан кейин «кўзи очилганини» айтди.
Давлат раҳбари раҳбарият «ерда» ишламаётганини, маҳаллалардаги ҳақиқий аҳволни кўрмаётганини таъкидлади.
«Сен пастга тушмайсан. Ўринбосарингиз сени алдайди. „Участкавой“ алдайди. Сизлар ўзгаришингиз керак. Сизлар ўзгармасангиз — вазият ўзгармайди. Бундай ИИБ бошлиқлари менга керак эмас. Менга баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ», — деди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, профилактика инспекторлари фаолиятига ёндашувларни ўзгартирмасдан туриб, иқтисодиётда барқарорликка эришиш ва инвестицияларни жалб қилиш мумкин эмас.
«Агар профилактика инспекторининг дунёқараши ўзгартирилса, замонавий бўлса, биласизларми, жамият қандай ўзгаради? Тадбиркорлик қай даражада ривожланади? Одамлар биздан қанчалик рози бўлади?» — деди у.
Президент жойлардаги хавфсизлик даражасини инвестиция муҳити билан ҳам боғлади.
«Барибир ўзгартиришга мажбур қиламан сизларни. Қўймайман ҳеч қайсингни. Биронтангни ухлатмайман. Нима учун мен буни қиляпман? Энди бизга катта-катта инвесторлар керак. Энди келиб бошлаяпти катта инвесторлар. Агар инвестор келмаса, даромадимиз ошмайди, ойликлар кўпаймайди, одамлар норози бўлади», — деди у.
У маҳаллаларда ҳатто бир дона жиноятга ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Битта жиноят ҳам жиноят. У ҳам йўқ бўлиши керак маҳаллада. Бу нима учун керак? Одамларимизнинг иқтисодиётини барқарор бўлишига инонтириш, ишонтириш учун керак. Иқтисодиёт қачон барқарор бўлади? Жиноятчиликни жиловласак», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январда ўтказган танқидий руҳдаги йиғилишдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида тайинлашлар ва ишдан бўшатишлар амалга оширилди. Ўзгаришлар ИИВ, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тааллуқли бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.