Ўзбекистон президенти давлат ташрифи билан Покистонга боради

Ўзбекистон президенти давлат ташрифи билан Покистонга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан 5−6 февраль кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, дастурга мувофиқ, Исломободда Покистон президенти Асиф Али Зардорий, бош вазир Шаҳбоз Шариф, Мудофаа кучлари олий бош қўмондони — Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан музокаралар ҳамда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари олий даражадаги мулоқотлар кун тартибининг марказида бўлади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, сиёсий мулоқотни кенгайтириш, икки мамлакат ҳукуматлари, парламентлари, ишбилармон доиралари ҳамда ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим жиҳатлари ҳар томонлама кўриб чиқилади.

Томонлар товар айирбошлашни оширишга, саноат, транспорт ва инфратузилма, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суришга ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунида Қўшма декларация ва устувор соҳалар бўйича келишувларнинг салмоқли тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев икки мамлакат етакчи ишбилармон доиралари вакилларининг қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.