Учрашув аввалида иорданиялик меҳмон давлат раҳбарига Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокараларда Самарқанд шаҳрида олий даражада эришилган келишувлар ижроси доирасида Ўзбекистон–Иордания кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Икки томонлама алоқалар фаоллашаётгани, савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошиб бораётгани қайд этилди.
Парламентларда ташкил этилган “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини “йўл харитаси” асосида кучайтириш, уларнинг давлат раҳбарлари келишувларини амалга оширишдаги ролини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда савдо, саноат кооперацияси, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил Тошкентда Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумни самарали ўтказиш зарурлиги белгиланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.