Рўйхатга олишнинг II босқичи: Рўйхатга олувчиларда QR-кодли бэйдж бўлиши шарт

Рўйхатга олишнинг II босқичи: Рўйхатга олувчиларда QR-кодли бэйдж бўлиши шарт

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 4 февралдан Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи старт олди. У 28 февралга қадар давом этади.

Ушбу даврда «маҳалла еттилиги» вакиллари 15–31 январь кунлари ўтказилган онлайн-рўйхатга олишда иштирок этмаган аҳоли хонадонларини айланиб чиқиб, улар ҳақидаги маълумотларни киритади. Шунингдек, хатолик ёки ноаниқликлар билан тўлдирилган маълумотлар ҳам аниқлаштирилади. Барча маълумотлар планшетлар орқали электрон тизимга киритилади.

Рўйхатга олувчилар маълумотлари тўғри киритилган фуқаролар ҳузурига ҳам қайта ташриф буюриши мумкин. Бу халқаро амалиётга мувофиқ, йиғилган маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш мақсадида амалга оширилади. Бундай текширувлар одатда рўйхатга олиш иштирокчиларининг 10–15 фоизини қамраб олади.

Фуқароларга олдиндан паспорт маълумотлари, болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, шунингдек уй-жой ва ер участкаларига оид маълумотларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилади. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи хонадонлар ер майдонлари, етиштирилаётган экинлар, чорва моллари ва паррандалар сонига оид маълумотларни ҳам тақдим этиши керак.

Рўйхатга олувчиларда QR-кодли бэйдж бўлиши шарт, у орқали уларнинг шахсини текшириш мумкин. Шубҳа туғилган тақдирда, аҳоли 1851 рақами орқали колл-марказга мурожаат қилиши мумкин. Рўйхатга олувчиларнинг ҳаракатлари GPS орқали кузатиб борилади, нотўғри киритилган маълумотлар эса тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.

Миллий статистика қўмитасида таъкидланишича, тақдим этилган барча маълумотлар махфий ҳисобланади ва фақат статистик мақсадларда фойдаланилади. Онлайн босқич давомида рўйхатга олишда 30 миллиондан ортиқ киши, яъни мамлакатдаги хонадонларнинг 82,3 фоизи иштирок этган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.