Тақдим этилган ташаббусларда мактабгача таълимда ўйинга асосланган таълим моделини жорий этиш, болаларнинг табиий қобилияти ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда тарбия ва таълим жараёнини ташкил қилиш кўзда тутилган.
2026–2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли «Янги авлод» давлат боғчаларини ҳамда улар таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу муассасаларда қўшимча раҳбар ва тарбиячи-йўриқчи штатлари жорий қилиниб, раҳбар ва педагог ходимларга ойлик иш ҳақига 20 фоизлик устама тўланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, амалда ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим («5+1») асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган. 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ва бу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.
Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар жорий этилиши режалаштирилган. Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди.
Ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратиш, мазкур тартибни 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этиш кўзда тутилган.
Қамров даражаси паст ҳудудларда боғча ва мактабдан ташқари жойларда камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этилса, 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақи давлат боғчалари учун белгиланган меъёрлар асосида уч йил давомида қоплаб берилади. Ҳар 30 нафар болага бир нафар тарбиячи штати ажратилиши белгиланган.
Мазкур имтиёзлар янги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиладиган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкалари бўйича енгилликлар бериш назарда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.