Ўзбекистон президенти Покистон университетининг фахрий доктори ва профессори бўлди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонлари топширилди. Маросим 5 февраль куни Исломободда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон раҳбарига унвонлар берилгани тўғрисидаги сертификатни топширди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Хабарда таъкидланишича, Шавкат Мирзиёевга ушбу мукофот ижтимоий-иқтисодий ва таълим ислоҳотларига, мамлакатни барқарор модернизация қилишга, фан ва технологияларни ривожлантиришга, халқаро ҳамкорлик ва академик алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилган.
1991 йилда ташкил этилган Миллий фан ва технологиялар университети илмий изланишлар ва инновацион фаолият, магистр ва докторларни тайёрлаш ҳамда саноат ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мўлжалланган амалий тадқиқотларни олиб бориш каби йўналишларни ўзида мужассам этган.