Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ давлат котибига Uzbekistan Quarter in Gaza альбомини кўрсатди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ давлат котибига Uzbekistan Quarter in Gaza альбомини кўрсатди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан фикр алмашди, деб хабар қилди ТИВ раҳбари ўзининг Telegram каналида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси айни дамда Вашингтонда бўлиб турибди. Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган йиғилишда 54 давлат ва Еврокомиссия вакиллари, жумладан, 43 давлат ташқи ишлар вазирлари иштирок этганди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ муҳим минераллар бўйича меморандум имзолади.

Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио «глобал даражадаги энг долзарб муаммолар»ни муҳокама қилди, дейилади хабарда.

«Яқинда ташкил этилган Тинчлик кенгаши можаролардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилувчи самарали платформага айланиб бораётгани, миллионлаб инсонларга янада хавфсиз ва муносиб келажак сари умид бағишлаётганини алоҳида таъкидладик», — деб ёзади Бахтиёр Саидов.

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ «умумий таҳдидларни ҳал қилиш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни илгари суриш учун» ҳамкорликни давом эттиришга содиқлиги тасдиқланди.

Вазирнинг Instagram'даги учрашувидан олинган суратлардан бирида кўриш мумкинки, Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ давлат котибига Uzbekistan Quarter in Gaza (Ғазодаги Ўзбекистон квартали) номли альбомни кўрсатган.

Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистон Ғазо секторини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида ҳарбий ҳаракатлар натижасида зарар кўрган ҳудудда квартални молиялаштириш ва қуриш ниятида. Альбом тақдимоти ҳақида расман эълон қилинмади, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Gazeta саволларига жавоб бермади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Туркиянинг 2023 йилдаги вайронкор зилзиладан энг кўп зарар кўрган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган турар жой мажмуаси очилган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.