Музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни аниқ амалий мазмун билан бойитиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Томонлар сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони барқарор ўсиб бораётганини қайд этиб, яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишбўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Шу маънода Исломободда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва сиёсий маслаҳатлашувлар самарали ўтгани қайд этилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш янги иқтисодий имкониятлар очиши таъкидланди. Томонлар жорий йил Хива шаҳрида Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлари ўртасида биринчи форумни ўтказишга келишиб олдилар. Ушбу тадбир доирасида аниқ битимлар ва келишувлар имзоланиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, таълим, экология, спорт ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга тайёрлик билдирилди. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши тасдиқланди.
Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Президенти Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.