Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Асиф Али Зардорий Ўзбекистон раҳбарини Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлгани муносабати билан табриклади ҳамда ушбу давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайдиган тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини 2026 йил Хивада ўтказишга келишиб олинди.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позицияси ўхшашлиги ҳамда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини яна бир бор тасдиқладилар.
Маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш ҳамда таълим, экология, спорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Президент Асиф Али Зардорий Покистоннинг олий мукофотини Ўзбекистон раҳбарига тантанали равишда топширди.
Ушбу нуфузли мукофот кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи ҳамда Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодаси экани қайд этилди.

Мазкур мукофот турли йилларда Буюк Британия қироличаси Елизавета II, АҚШ президенти Ричард Никсон, Жанубий Африка Республикаси президенти Нельсон Мандела, Таиланд қироли Пхумипон Адульядет, БАА президенти Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён, Хитой раиси Ху Цзиньтао, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва бошқаларга берилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.