Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди

Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи сермазмун дастур асосида якунланди. Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар давомида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Покистон Президенти Осиф Али Зардари ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф билан атрофлича музокаралар ўтказди. Учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика ҳамда гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Шунингдек, ташриф доирасида Покистон Қуролли Кучлари Қуруқлик қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Осим Мунир ҳамда Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Икки кунлик ташриф давомида Президент ўзбек-покистон бизнес-форумида иштирок этиб, Покистоннинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари билан мулоқот қилди.

“Айван-е-Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Президентига Покистоннинг олий давлат мукофоти — “Нишон-и Покистон” ордени тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз раҳбарига Покистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири томонидан фахрий доктор ва профессор унвонлари берилди.

Ташриф доирасида Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига “Тошкент” номи, янги барпо этилаётган боғга эса Бобур номи берилди. Бу қарорлар икки халқ ўртасидаги тарихий ва маданий яқинлик рамзи сифатида баҳоланмоқда.

Давлат ташрифи дастури якунига етгач, Ўзбекистон Президенти Тошкентга жўнаб кетди. “Нурхон” аэропортида олий мартабали меҳмонни Покистон Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси — саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.