«Адолат» депутати шахсий маълумотларнинг эҳтимолий сизиб чиққани бўйича вазирликларга сўровлар юборди

«Адолат» депутати шахсий маълумотларнинг эҳтимолий сизиб чиққани бўйича вазирликларга сўровлар юборди

5 февраль куни «Адолат» партияси депутати Муҳаммад Валиев тегишли вазирликларга Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари даркнетга эҳтимолий сизиб чиққани бўйича сўров юборди, деб хабар берди партия матбуот хизмати.

Депутат рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовдан маълумотлар сизиб чиқиши тасдиқланган ёки йўқлиги, фуқароларнинг шахсий маълумотлари қай даражада ҳимоялангани, ҳодисага қандай омиллар сабаб бўлгани ва келгусида ҳукуматнинг аутентификация инфратузилмаси (OAuth сервери) ва my.gov.uz порталида шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида сўради.

Депутат ички ишлар вазири Азиз Тошпўпатовдан маълумотлар сизиб чиққан тақдирда ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда қандай тергов чоралари амалга оширилишини сўради.

Ички ишлар вазиридан киберҳужумчиларни аниқлаш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида ҳам сўралди. Вазирликдан ушбу соҳадаги қонунчиликни қандай такомиллаштириш мумкинлиги ҳақида ҳам фикр билдириш бўйича сўров юборилди.

Миллий статистика қўмитаси раҳбари Беҳзод Ҳамроевга берилган сўров аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотларни сақлаш ва ҳимоя қилиш чоралари, шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун талабларига қай даражада мувофиқлиги билан боғлиқ.

«Биз учун инсон қадри ва унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги олий қадриятдир», — деб таъкидлади партия.

Аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва Reddit платформасида Ўзбекистон давлат ахборот тизимларидаги фуқароларнинг шахсий маълумотлари даркнетда сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Киберхавфсизлик маркази 3 февраль куни вазиятга изоҳ бериб, тергов олиб борилаётганини ва натижалар асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилишини маълум қилди.

Миллий статистика қўмитаси аҳолини онлайн рўйхатга олиш маълумотлари интернетда сизиб чиққани ҳақидаги тахминга жавобан барча маълумотлар алоҳида серверда шифрланган шаклда сақланишини маълум қилди.

ONESEC корпоратив киберхавфсизлик компанияси директори Дмитрий Палеев ҳақиқий таҳдид жуда бўрттирилган бўлиши ва ҳақиқатни акс эттирмаслиги мумкинлигини таъкидлади.

Кейинчалик Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўзининг эскирган маълумотлар базасига киберҳужум содир бўлганини тасдиқлади ва текширув ўтказаётганини айтди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.