Агентлик Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан ташкил этилди. У Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги функцияларини бирлаштиради ҳамда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган дастурларни жорий этишни мувофиқлаштиради.
Агентлик директори этиб Бахтиёр Хайдаров тайинланди. У ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия ва Инвестициялар ва саноат бўйича Ҳукумат комиссиясининг доимий аъзоси бўлади.
1 июлдан бошлаб агентлик Ўзбекистон ва минтақанинг бозорларини таҳлил қилади, устувор рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради ҳамда тадбиркорлар билан кафолатланган харид шартномаларини тузади. Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда давлат харидларида маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирокини кенгайтиришга қаратилган «таъминотчиларни ривожлантириш» дастурлари жорий этилади.
Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида агентлик ҳузурида Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади. 2026 йилда унга 50 миллион доллар ажратилади. Жамғарма маблағлари янги лойиҳаларни ишга тушириш ва кенгайтириш учун кредитлар ва субсидияларга, шу жумладан юқори технологик маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ва технологиялар трансферига йўналтирилади. Танлов асосида ҳар йили 10 тагача энг яхши стартап қўллаб-қувватланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.