Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона


— Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражаси энг долзарб масала бўлса керак. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирлари БМТ Бош ассамблеяси доирасида 2013 йилдан буён илк бор шахсан учрашди. Муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?


— Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот доимий равишда давом эттирилмоқда. Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ҳам тасодифий эмасди, у олдиндан келишилган, ҳар икки томондан розилик ва музокараларга интилиш мавжуд эди.

Шунга ўхшаш учрашув, айтиш жоизки, 2024 йилда ҳам бўлиб ўтган — ўшанда вазирлар норасмий равишда, «коридорда» тўқнаш келишганди. Сентябрь ойида эса гап аллақачон икки томонлама муносабатларнинг ҳолати муҳокама қилинган тўлақонли икки томонлама учрашув ҳақида борди.

Вазирлар ўртасида фаол ишчи алоқа йўлга қўйилган. Бахтиёр Саидов ва Андрей Сибига мунтазам мулоқотни, жумладан, норасмий тарзда ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу мамлакатлар ўртасидаги мулоқотнинг давом этишига хизмат қиладиган ишчан ва дўстона муносабатлардир.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойида вазирлар Венада ЕХҲТ Вазирлар кенгаши йиғилишида ҳам кўришишганди. У ерда алоҳида икки томонлама учрашув бўлмаган бўлса-да, алоқалар ўрнатилган. Ҳар қандай халқаро тадбирда биз бундай музокаралар учун имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиламиз — муҳокама учун мавзулар доимо топилади.

— Сентябрдаги учрашувдан кейин мулоқотнинг фаоллашганидан далолат берувчи бошқа икки томонлама алоқалар бўлдими?


— Ҳа, ишчи алоқалар давом этмоқда. Биз ТИВларнинг соҳавий бошқармалари даражасида мунтазам равишда учрашиб турибмиз. Ўтган йили Украина ТИВида Марказий Осиё бўйича алоҳида бошқарма ташкил этилди ва унинг доирасида ҳам учрашувлар ўтказилмоқда.

Яқинда Украина ташқи ишлар вазирининг минтақага масъул ўринбосари Марказий Осиё давлатлари элчиларини, жумладан, Ўзбекистон элчисини ҳам тўплади. Бундай ишлар доимий равишда — ҳам Киевда, ҳам Тошкентда олиб борилмоқда. Жорий ва истиқболли масалалар муҳокама қилинмоқда. Бу узлуксиз жараёндир.

— Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасининг 2026 йилга мўлжалланган режалари қандай?


— Биринчи навбатда, биз элчи тайинланишини кутмоқдамиз — 2025 йил август ойида олдинги элчи Микола Дорошенконинг ваколат муддати якунланди. Янги дипломатик миссия раҳбарининг тайинланиши йил давомида амалга ошишини кутмоқдамиз. Тайинловдан сўнг стандарт аккредитация жараёни бўлиб ўтади: ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш, ТИВ раҳбарияти даражасидаги учрашувлар, сўнгра эса Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиқларини топшириш маросими.

Элчи тайинланиш муддатидан қатъи назар, элчихона барча йўналишларда ишни давом эттиради. Режада ТИВлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар лойиҳалар, ахборот ва протокол тадбирлари бор.

Хусусан, 24 февраль куни биз анъанавий тарзда, Европа Иттифоқи делегацияси билан биргаликда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланган санага бағишланган тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Бу сиёсий ва хотира тадбири бўлиб, ундан кўзланган мақсад — уруш давом этаётганини эслатиб қўйиш.

— Сиз сиёсий маслаҳатлашувларни тилга олдингиз. Адашмасам, бундай маслаҳатлашувларнинг охиргиси анча олдин ўтказилган эди. Жорий йилда уларни қайта тиклаш имконияти борми?


— Сиз ҳақсиз, охирги сиёсий маслаҳатлашувлар 2021 йилда, Тошкентга вазир ўринбосари Евгений Енин бошчилигидаги Украина делегацияси келган пайтда бўлиб ўтганди. Кенг кўламли уруш бошланганидан кейин ушбу форматда сезиларли танаффус юзага келди.

Биз Ўзбекистон томонига маслаҳатлашувларни қайта тиклашни таклиф қиляпмиз. Ўзбекистон делегациясини Киевда қабул қилишга тайёрмиз — у ерда мураккаб вазиятга қарамай, дипломатик ҳаёт давом этмоқда. Шунингдек, бизнинг делегациямизнинг Тошкентга ташрифи ёки маслаҳатлашувларни онлайн форматда ўтказиш ҳам мумкин. Асосийси — ўзаро интилиш ва долзарб кун тартибининг мавжудлигидир. Ўз томонидан Украина бунга тайёр.

— Ўтган йилда Самарқанд ЮНЕСКО Бош конференциясини қабул қилди. Украина делегацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Марьяна Беца даражасида иштирок этди. Ушбу миссия қандай ўтди?


— Элчихона конференция ишида бевосита иштирок этди ва делегацияга ҳамроҳлик қилди. Ташкилотчиликнинг юқори даражаси учун Ўзбекистон томонидан миннатдормиз — тадбир жуда кенг кўламли бўлиб, унда 100 дан ортиқ делегация иштирок этди.

Конференция доирасида Марьяна Бецанинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев билан учрашуви бўлиб ўтди. Улар ҳам икки томонлама муносабатлар масалаларини, ҳам ЮНЕСКО доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

Хусусан, Украина томони Ўзбекистонга Украинанинг 2025−2029 йиллар учун ЮНЕСКО Ижроия кенгашига сайланишини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Бунга жавобан Украина Ўзбекистоннинг 2027−2031 йиллардаги Ижроия кенгаши сайловларида номзодини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Марьяна Беца ва Баҳромжон Аълоев. Фото: ТИВ ахборот хизмати

Бундан ташқари, Украина ТИВ раҳбари ўринбосари украиналик болаларнинг ёзги соғломлаштирилиши ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Ўтган йили 97 нафар бола ва 12 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс Тошкент вилоятидаги болалар оромгоҳида икки ҳафта вақт ўтказди. Барчаси — логистика, яшаш харажатлари, дастур, совғалар — Ўзбекистон томони ҳисобидан ташкил этилди. Биз бундай гуманитар ташаббус келгусида ҳам давом этишига умид қиламиз.

— ЮНЕСКОдан ташқари, Ўзбекистон ва Украинанинг БМТнинг бошқа халқаро майдонларидаги ҳамкорлиги қандай кечмоқда?


— Ҳа, ишлар фаол олиб борилмоқда. Биз, умуман, БМТ тизимида, жумладан, БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида ўзаро ҳамкорлик қиламиз. У ерда, масалан, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича иш олиб борилмоқда. Украина, ўзингизга маълумки, ғалла экспорт қилувчи ҳисобланади, Ўзбекистон эса бу контекстда маҳсулот тақсимлаш учун ҳаб сифатида чиқиши мумкин ва бу ерда биргаликда ишлаш учун имкониятлар мавжуд.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти йўналиши бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистондан миннатдормиз. Ўтган йили сайловлар муносабати билан ҳамкорларга мурожаат қилган эдик: ноябрь ойида Бош ассамблея доирасида Кимёвий қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчи-давлатларининг 30-конференцияси бўлиб ўтди ва унда Украина 2026−2028 йиллар даври учун ташкилотнинг Ижроия кенгашига сайланди. Ўзбекистон бизни қўллаб-қувватлади, бунинг учун улардан миннатдормиз.

Бундай дипломатия кўп жиҳатдан кулуар хусусиятга эга ва одатда оммавий фазога олиб чиқилмайди. Шунга қарамай, бундай ишлар доимий равишда олиб борилмоқда, чунки биз учун Украина позициясини кўрсатиш — жумладан, давом этаётган тажовуз, бомбардимонлар ва тақиқланган воситаларнинг қўлланиши шароитида ҳам — жуда муҳимдир. Халқаро ташкилотлар доирасида, хоҳ у БМТ тузилмалари бўлсин, хоҳ Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти ёки бошқа ихтисослашган агентликлар — соғлиқни сақлаш, почта алоқаси ва ҳоказо соҳаларда бўлсин — доимо сиёсий кураш кетади ва шерикларнинг қўллаб-қувватлаши принципиал аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Биз Ўзбекистонга ушбу контекстда ҳам қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз, чунки мамлакат нейтрал ва тинчликсевар сиёсат юритади, ўз ҳудудида ҳарбий базаларни жойлаштирмайди ва буни ўзининг ташқи сиёсий ҳамда ҳарбий доктринасида изчиллик билан баён этади. Биз халқаро ташкилотлар доирасида жорий йилда ҳам самарали ҳамкорлик давом этишига умид қиламиз.

— Иқтисодий ҳамкорликка ўтадиган бўлсак. Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги 2025 йилги товар айланмаси бўйича рақамлар мавжудми?


— Йил бўйича якуний маълумотлар февраль-март ойларига яқин тайёр бўлади, аммо бизда 2025 йилнинг тўққиз ойи учун статистика мавжуд. Товар айланмамиз 235,2 млн долларни ташкил этди. Украинанинг Ўзбекистонга экспорти — 138 млн, Ўзбекистондан импорт — 97,2 млн доллар. Сальдо бизнинг фойдамизга 41 млн долларни ташкил этмоқда. Яъни Украина Ўзбекистонга Ўзбекистон Украинага етказиб бераётганидан кўра кўпроқ маҳсулот етказиб бермоқда.

Таққослаш учун: 2024 йилда товар айланмаси 277 млн долларни, 2023 йилда — 335 млн долларни ташкил этган эди, энг юқори кўрсаткич эса 2021 йилда қайд этилган — 735 млн доллар. Шундай қилиб, Украинада адолатли тинчлик ўрнатилган тақдирда, қайта тикланиш ва ўсиш учун катта имкониятлар мавжуд.

Товар айланмамизнинг асосий муаммоси — логистика. Урушгача етказиб беришнинг салмоқли қисми Россия орқали ўтар эди. Ҳозирги вақтда савдо йўналишларимиз Каспий денгизи орқали ўтмоқда, бу эса логистика харажатларининг 4−5 баравар ошишига олиб келди. Бу савдо ўсишини жиловлаб турибди, ваҳоланки, унинг салоҳияти жуда юқори.

Маълумот учун: Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 1,5 бараварга — 217,8 млн доллардан 333,5 млн долларгача ўсган.

— Демак, логистика билан боғлиқ қийинчиликлар уруш тугаганидан кейин ҳам сақланиб қолиши мумкинми? Бизга маълум бўлишича, Каспий денгизи инфратузилмаси катта юк билан ишламоқда, бу эса паромларда навбатлар юзага келишига олиб келмоқда.


— Афсуски, шундай, бироқ ҳозирча бошқача йўл ўйлаб топилгани йўқ, шунинг учун биз бу имкониятларни, жумладан, Транскаспий йўлагини ривожлантириш устида ишлаётган Европа Иттифоқи кўмагида оширишимиз керак.

Денгиз йўлига муқобил сифатида юк авиаташувларини кўриб чиқиш мумкин. Умид қиламизки, барқарор тинчлик ўрнатилгач, Украина ва Ўзбекистон йўловчи авиарейсларини тез фурсатда тиклашга, шунингдек, юк йўналишларини очиш имкониятини кўриб чиқишга муваффақ бўлади, айниқса, Ўзбекистон ҳозир АҚШдан янги Boeing самолётларини фаол сотиб олаётган бир пайтда.

— Ўтган йилнинг биринчи ярмида савдо айланмамизда 50 фоизли катта ўсиш қайд этилган эди, бу нима билан боғлиқ?


— Менимча, бунга бир қанча омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, бизнес янги логистика занжирларига мослашди. Иккинчидан, томонлар учун қизиқарли бўлган янги товар позициялари пайдо бўлди. Хусусан, Украина Россия томонидан мунтазам равишда ҳужумга учраётган энергетика инфратузилмасини қайта тиклаш учун электр жиҳозлари ва бутловчи қисмлар харидини кўпайтирди.

Ўзбекистон эса ушбу секторда — трансформаторлардан тортиб кабель маҳсулотларигача бўлган ривожланган ишлаб чиқаришга эга, бу эса сезиларли ўсишни таъминлади.

— Икки мамлакат иқтисодиёти учун қайси товарлар харидоргир ҳисобланади?


— Ўзбекистон томонидан Украинага анъанавий равишда текстиль ва текстиль хомашёси, кимёвий маҳсулотлар, ўғитлар, мева-сабзавот ва қайта ишланган маҳсулотлар етказиб берилади. Бундан ташқари, 2025 йилда Украинага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший техника ҳамда истеъмол товарлари етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошди.

Украинанинг Ўзбекистонга экспорти эса — бу, энг аввало, фармацевтика маҳсулотлари, шунингдек, машинасозлик маҳсулотлари, саноат маҳсулотлари, озиқ-овқатни қайта ишлаш товарлари, қоғоз, картон ва қандолат маҳсулотларидир. Охиргилардан баъзиларини Korzinka ва бошқа супермаркетларда учратиш мумкин — у ерда Украина конфетлари, печеньелари ва ҳатто Украинадан келтирилган сут маҳсулотлари ҳам бор.

— Ўзбекистон ва Украина ўртасида икки мамлакат тадбиркорларидан иборат Ишбилармонлар кенгаши мавжуд. Ҳозирги вақтда уларда қўшма лойиҳалар борми?


— Ҳозирда биз алоқаларни қайта тиклаш ва фаоллаштириш устида иш олиб боряпмиз. Ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан раиси, тадбиркор Зафар Ҳошимов билан учрашув ўтказиш имкониятини муҳокама қиляпмиз. Шубҳасиз, биз ушбу йўналишни, жумладан, ишбилармон доиралар томонидан қўллаб-қувватланишга эришиш учун ҳам фаоллаштиришни истардик.

Ишбилармонлар кенгаши билан ҳамкорлик режаларда қолмоқда, бироқ бу ҳар икки томондан, жумладан, Савдо-саноат палаталари иштирокида қўшимча туртки талаб қилади.

— Ўзбекистон фуқаролари сўнгги икки йил ичида икки марта Украинада фаол бизнес очаётганлар рейтингларига кирди. Ҳозирги кунда ўзаро инвестициялар билан боғлиқ вазият қандай?


— Авваламбор, шундай фаоллик кўрсатаётган ва жисмоний шахс-тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз ҳақиқатан ҳам ўтган йили ушбу статистикани кўрдик: Ўзбекистон фуқаролари очилган корхоналар сони бўйича етакчилар қаторидан жой олди.

Қоидага кўра, бу савдо, умумий овқатланиш — ўзбекистонликларнинг тадбиркорлик маҳорати анъанавий равишда намоён бўладиган соҳалардир. Энг муҳими, одамлар урушдан қўрқмасдан, мураккаб шароитларда ишлашда давом этмоқда. Мунтазам ҳужумлар, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга қарамай, улар бизнес очди ва уни қўллаб-қувватламоқда. Бу, шубҳасиз, Украина учун катта ёрдамдир.

— Йирикроқ инвестициялар масаласи-чи?


— Афсуски, ҳозирча биз йирик инвестицияларни кўрмаяпмиз. Бу тушунарли: уруш — доим хавф-хатар демакдир ва бундай шароитда катта миқдордаги маблағни тикишга ҳар қандай инвестор ҳам жазм қилавермайди.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Шунга қарамай, биз келажакка ишонч билан қараймиз. Украинада тинчлик ўрнатилгач, йирик инвесторлар, шубҳасиз, пайдо бўла бошлайди. Мамлакатни қайта тиклаш масаласи жуда ўткир бўлиб турибди: гап энергетика ва саноат объектлари, инфратузилма ҳақида бормоқда. Ҳозирда 800 миллиард долларгача бўлган маблағлар ҳақида сўз юритилмоқда. Қайта тиклаш учун маблағлар кела бошлаганида, менимча, Ўзбекистон бу жараёнда фаол иштирок эта олади.

— Ўзбекистоннинг Украинани қайта тиклашдаги иштирокини қандай тасаввур қиласиз?


— Аввало, инсон ресурси ҳисобига. Ўзбекистонда кўплаб мутахассислар, жумладан, қурувчилар бор. Ушбу салоҳиятни Украинани қайта тиклашга жалб қилиш мумкин ва зарур. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам қурилишда, ҳам бошқа соҳаларда иштирок эта олади. Эҳтимол, кичик инвесторлар ҳам қўшилишар.

Уруш тугаганидан кейин Украина бозорига чиқиш имкониятлари сезиларли бўлади ва биз Ўзбекистон томонидан инвестициялар барибир кириб келишига ишонамиз.

— Украинанинг Ўзбекистонга киритаётган инвестициялари билан боғлиқ вазият қандай?


— Ўзбекистон бозорида фармацевтика компаниялари — «Фармак», «Юрия-фарм» ишламоқда, «Лекхим» заводи қурилишга тайёргарлик кўрмоқда. Бизнинг фармацевтика — анъанавий кучли соҳа, Ўзбекистон бозори эса Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга эканини ҳисобга олсак, жуда катта, шу билан бирга, уни зарур дори-дармонлар билан тўйинган деб айта олмайман. У ҳали ҳам бозорга кириш ва муайян нишаларни эгаллаш учун катта салоҳиятга эга.

Албатта, рақобат ўсиб бормоқда — буни тан олиш керак, бошқа давлатлар ҳам ушбу бозорда фаол ишламоқда. Аммо агар Украина фармацевтика сегментида ўз ўрнини топган бўлса, ўйлайманки, у буни сақлаб қолади ва янги имкониятларни излайди.

Ўзбекистон бозорига чиқаётган нисбатан кичик компаниялар ҳам бор. Масалан, Uklon — такси соҳасидаги Украина компанияси. Ўзбекистон ўз ривожланаётган бозори билан улар учун қизиқарли. Бу IT ва бошқа соҳаларга ҳам тегишли. Ўйлайманки, келажакда, уруш тугаганидан кейин, Украина бизнеси бу ерда ўзини янада фаолроқ кўрсатади.

— Қайси соҳаларда энг катта салоҳиятни кўряпсиз?


— Фармацевтикадан ташқари, озиқ-овқат саноатида катта имкониятлар мавжуд. Украинада қандолатчилик соҳаси жуда кучли — бу нафақат Roshen фабрикалари, балки, масалан, Львовдаги ишлаб чиқарувчилар ҳамдир; улар ҳам ширинликлар, ҳам кофе ва бошқа маҳсулотларни тайёрлашади.

Ҳозирги вақтда Украинада кийим-кечакка, тикувчиликка, тўқимачилик корхоналари ишига ҳам жиддий эҳтиёж бор. Шунингдек, кимёвий маҳсулотлар, ўғитлар, агросектор ҳақида ҳам гапириш мумкин — бу ерда ҳам ўзаро манфаатли нуқталарни топиш мумкин.

Умуман олганда, ҳозирги вақтда Украина иқтисодиёти қандай эҳтиёжларга йўналтирилганига қараш керак. Биз, табиийки, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб нарсаларда тақчилликни ҳис қиляпмиз. Мамлакатни қайта тиклаш учун корхоналарни қуриш ва қайта тиклаш, технологик қайта жиҳозлаш талаб этилади. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини таклиф қила оладиган соҳаларда уни қўллаш учун имкониятлар пайдо бўлаверади.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Биз жуда манфаатдор бўлган соҳалардан бири — ишчи кучидир. Ҳозирда Россияда, айниқса, қурилиш соҳасида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари Украинага ишлаш учун боришса, жуда соз бўларди. Россияда уларга бўлаётган ҳозирги муносабатни ҳисобга олсак, бу мантиқий кўринади.

Албатта, бунинг учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ва ишлаш учун келадиган фуқароларнинг мақомини тартибга солиш талаб этилади. Бу ҳар икки томон жиддий ишлаши керак бўлган масалалардир.

— Юқорида сиз Украина ўтган йили электротехника маҳсулотлари, жумладан, генераторлар харидини кўпайтирганини айтиб ўтдингиз. Биламизки, ҳозир ҳам Украинанинг йирик шаҳарларида энергия таъминоти, шунингдек, иситиш ва сув таъминоти билан боғлиқ вазият мураккаб бўлиб қолмоқда…


— Бу ҳозир биз учун жуда ўткир муаммо. Ўзингиз ҳам биласиз — Украинада, айниқса, Киевда электр энергетикаси билан боғлиқ вазият ниҳоятда оғир. Энергетика инфратузилмасининг катта қисми Россиянинг ракета ва дрон зарбалари оқибатида зарар кўрган. Шу билан бирга, айни пайтда мамлакатда қаттиқ совуқлар ҳукм сурмоқда — айрим жойларда ҳарорат манфий 20 даражадан паст.

Инфратузилма жиддий шикастланган ва турар жой биноларини иситишга ҳеч вақо қолмади. Биз, Украина элчихонаси, мунтазам равишда, айниқса, охирги пайтларда, ҳамкор сифатида Ўзбекистонга ёрдам сўраб мурожаат қиляпмиз, Ташқи ишлар вазирлигига энергетика сектори учун зарур бўлган ускуналар рўйхати билан расмий ноталар юборяпмиз. Энергетика ускуналари кўринишида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш имкониятини кўриб чиқишни сўраяпмиз — агар шундай имконият бўлса.

Ўзбекистон одатда энергетика ускуналарини етказиб беришни амалиётда қўлламайди, чунки мамлакатнинг ўзида ҳам баъзан узилишлар кузатилиб туради, биз буни тушунамиз. 2023 йил бундан мустасно бўлган эди — ўшанда Туркиядаги зилзиладан сўнг Ўзбекистон 130 дан ортиқ электр генератори ва бошқа ускуналарни етказиб берганди. Бу табиий офат шароитидаги муҳим инсонпарварлик ишораси бўлган.

Параллель равишда ўзимиз ҳам иш олиб боряпмиз — маблағ йиғяпмиз, хорижда ишлаётган Украина компанияларига мурожаат қиляпмиз. Ҳозирги вақтда ҳар қандай ёрдам жуда муҳим ва Украина буни ҳеч қачон унутмайди.

Ускуналарни тўғридан-тўғри Ўзбекистондан тезкор етказиб бериш мураккаблигини тушунамиз. Шу боис турли вариантларни, масалан, минтақалараро даражадаги ҳамкорликни кўриб чиқишни таклиф қиляпмиз. Агар Ўзбекистон маблағ ажрата олса, Европадаги элчихоналар орқали ускуналарни ўша ернинг ўзидан сотиб олиб, Украинага топшириш мумкин бўларди: Европадаги логистика ҳозир анча тез ва осонроқ. Инсонпарварлик энергетика ёрдамининг катта қисми — генераторлар, трансформаторлар, станциялар — айнан ўша ердан келмоқда.

Ҳозир украинлар учун баҳоргача чидаб бериш жуда муҳим. Бу, албатта, муаммони тўлиқ ҳал қилмайди — инфратузилмани тиклаш учун вақт, маблағ ва мутахассислар керак, — аммо ҳозир гап том маънода омон қолиш ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Киевдаги қозоқ ўтови. Фото: Андрей Ходьков / «Апостроф»

Бизни совуқ ва оғир кунларда Қозоғистон қўллаб-қувватлаганидан хурсандмиз — Киев марказида «енгилмас ўтов» пайдо бўлди, у ерда одамлар исинишлари, чой ичишлари ва телефонларини қувватлаб олишлари мумкин.

Биз бу ҳақда Ўзбекистон ТИВга ҳам сўзлаб бердик — Украина халқи билан бирдамлик рамзи сифатида унинг ёнида чой ичиш ёки иссиқ палов ейиш мумкин бўлган «ўзбек уйчаси»ни кўриш ҳам жуда соз бўларди. Бу шунчаки инфратузилмага ёрдам эмас, балки кўпроқ инсоний ишора ва маънавий далдадир.

— Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги асосий гуманитар лойиҳа — мамлакатингизнинг фронтбўйи шаҳарларидан келган болаларнинг Тошкент вилояти тоғларида ёзги дам олиши ҳақида сўзлаб берсангиз.


— 2023 йилда Ўзбекистонда 45 нафар бола дам олган бўлса, ўтган йили 97 нафар украиналик бола ва 12 нафар ҳамроҳ Тошкент вилоятидаги болалар оромгоҳида икки ҳафта вақт ўтказишга муваффақ бўлди.

Барчаси Ўзбекистон томонидан жуда юқори даражада ташкил этилди — логистика, яшаш шароитлари, маданий дастур. Бундан ташқари, Украинага қайтаётган рейс билан Ўзбекистон томонидан 2000 дан ортиқ «биринчи синф ўқувчиси тўплами» етказиб берилди. Болалар бу ерда вақт ўтказганларидан чин дилдан хурсанд бўлди. Бундай қабул учун биз жуда миннатдормиз.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо салоҳияти ҳозирги кўрсаткичлардан анча юқори — элчихона
Украинадан болалар Ўзбекистонга дам олиш учун келганди. 2025 йил июнь. Фото: Украина элчихонаси

— Ушбу дастурни давом эттириш режалаштирилганми?


— Бунга умид қиламиз! Агар Ўзбекистон томонида шундай имконият бўлса, ушбу дастурни ҳар йиллик анъанага айлантиришни истардик. Биз доим гуруҳ шакллантириб беришимиз мумкин: Украинада жабр кўрган ҳудудлардан келган болалар жуда кўп. Аллақачон бу бўйича сўров юборганмиз. Билишимча, ТИВ уни кўриб чиқиш учун тегишли органларга топширган. Одатда бундай қарорлар баҳорга яқин қабул қилинади ва агар ижобий жавоб бўлса, биз тезкорлик билан гуруҳни шакллантирамиз.

Биз учун болаларнинг Ўзбекистонда дам олиши — ўзига хос меҳмондўстлик намунасидир. Бу ердагидек қабул бошқа ҳеч қаерда йўқ. Болалар учун бу бутун умрлик тажриба — бошқа мамлакат, эътибор, ғамхўрлик ва совғалар. Биз буни ҳақиқатан ҳам қадрлаймиз.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.