Ишчи гуруҳ, аввало, Сирдарё тумани “Камолот” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Sohil makon” экотуристик мажмуаси лойиҳаси билан танишди. Ушбу ташаббус 75 гектар майдонни мастер-режа асосида ривожлантиришни назарда тутади. Лойиҳа доирасида фаол туризм объектлари, соғломлаштириш хизматлари, сув бўйида дам олиш ҳудудлари ва сайр йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ “Ravon arena” дам олиш масканида амалга оширилган ишлар билан танишди. Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида қўшимча хизмат турларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олингани маълум қилинди.
Ташриф давомида Сирдарё дарёси бўйида, “Камолот” маҳалласи ҳудудида қайта қурилаётган собиқ дам олиш уйи ҳам кўздан кечирилди. Ушбу объектда ёзги ва қишки чўмилиш ҳудудлари, оилавий ва жамоавий дам олишга мўлжалланган еттита апарт-отел, болалар учун ёзги ўйин майдончалари, мини-зоопарк, турли спорт майдончалари ҳамда балиқ овлаш ҳудудларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ишчи гуруҳ Сайхунабад тумани “Орикзор” маҳалласидаги дам олиш ҳудудида яратилган туристик ва сервис объектлари билан ҳам танишди. У ерда сайёҳларни қабул қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгуси ривожланиш режалари тақдим этилди. Мажмуанинг қиш мавсумида ҳам тўлиқ ишлаши учун қишки даврда чўмилиш объектларини фаолиятга жорий этиш ва қўшимча хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Тошкент–Самарқанд автомагистрали бўйлаб ташкил этилаётган қовун бозорида маҳаллий тадбиркорлар томонидан яратилаётган шароитларни ҳам ўрганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.