Зўравонликдан жабрланган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатилади

Зўравонликдан жабрланган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатилади


2026 йил 9 февралдаги 48-сон қарори билан “Зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ҳамда уларнинг оилаларига ижтимоий хизматларни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, зўравонликдан жабрланган ёки бундай хавф остида бўлган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий хизматлар ҳимоя қилиш режаси асосида кўрсатилади. Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун эса хизматлар индивидуал интеграция режасига мувофиқ ташкил этилади.

Қарорга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари қуйидаги шаклларда қўллаб-қувватланади:

— болалар учун 6 ойгача бўлган қисқа муддатли ижтимоий хизматлар;
— 1 йилгача бўлган узоқ муддатли ижтимоий хизматлар;
— 1 йилгача бўлган туну кун кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар;
— болалар ва уларнинг оилалари учун “Меҳрли оила” хизмати.

Ижтимоий хизмат кўрсатиш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимининг Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар ягона реестрига киритилиши шарт.

“Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш учун талабгор махсус сўровномани тўлдиради. Сўровнома 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилиб, талабгорнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги баҳоланади.

Жумладан, талабгорда камида икки нафар психоижтимоий хизмат кўрсатувчи мутахассис мавжуд бўлиши, уларнинг камида бир йиллик иш стажи ва соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотномаси бўлиши талаб этилади. Шунингдек, биноларда санитария ҳолати таъминланган бўлиши лозим.

Сўровнома тасдиқлангач, талабгор Ягона реестрга киритилади ва бу ҳақда унинг “Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги шахсий кабинетига электрон хабарнома юборилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.