Ҳисоботда қайд этилишича, қонунга мувофиқ, кенгаш раиси ҳар йили одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳамда суд тизимида коррупцияга қарши кураш ҳолати ҳақида Президентга маълумот беради.
2025 йилда кенгаш ваколатлари кенгайтирилди, юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Адлия академияси ташкил этилди. Ўтган йили илк бор 135 нафар судья лавозимга тайинланди, 286 нафар судья қайта тайинланди, тергов судьялари корпуси 241 нафарни ташкил этди.
Шунингдек, 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Улардан 19 нафари қасамёд ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун озод этилди, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди, 58 нафари лавозими пасайтирилди, 266 нафар судьяга нисбатан интизомий чора кўрилди.
Ҳисоботда ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6 мингдан ортиқ буйруқ ўрганилгани, айрим ҳолларда судьяларга одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилгани аниқлангани таъкидланди. Қоидабузарликларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва Судьялар интизомий коллегиясини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, судьялар ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш, суд аппаратида комплаенс-назоратни кучайтириш, ходимларни шаффоф тартибда ишга қабул қилиш ҳамда суд тизимида гендер тенглигини таъминлаш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Президент тақдим этилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва одил судловга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.