Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда

Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда

Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Туризм қўмитаси раиси А. Аккулов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи ҳудудга хизмат сафари билан ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад — жойлардаги туризм соҳаси вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни аниқлаш ҳамда улар асосида амалий ҳудудий дастурларни тайёрлашдан иборат.

Сафар доирасида вилоят ҳокимлиги, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек 50 дан ортиқ маҳаллий тадбиркор — туроператорлар, меҳмонхона ва умумий овқатланиш объектлари раҳбарлари, транспорт компаниялари, дам олиш масканлари ва маданият муассасалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Уchrашув иштирокчиларига 2025 йилда ҳудудда амалга оширилган туристик лойиҳалар, эришилган кўрсаткичлар ҳамда соҳанинг жорий ҳолати тўғрисида маълумот тақдим этилди. 2026 йил учун устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Улар қаторидан туристик инфратузилмани модернизация қилиш, янги йўналишлар ва туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш, туристлар оқимини кўпайтириш, шунингдек хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш ўрин олган.

Мулоқот якунлари бўйича истиқболли лойиҳаларнинг аниқ манзилли режалари шакллантирилди. Уларнинг амалга оширилиши Қашқадарё вилоятининг туристик жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини кўпайтириш имконини бериши кутилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.