Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар маслаҳатчининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолиятининг асосий йўналишларини муҳокама қилди.
Мавзулар қаторидан хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, умумтаълим муассасалари салоҳиятини ривожлантириш ва инвесторлар билан стратегик коммуникацияларни йўлга қўйиш масалалари ўрин олди.

Сума Чакрабарти «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида учрашувнинг асосий мавзуси ислоҳотлар дастури бўлганини маълум қилди.
«Мен президентни ислоҳотларнинг барқарор суръатларини сақлаб қолишга муваффақ бўлаётгани билан табрикладим. Бугун дунёда мураккаб геосиёсий вазият ҳукм сурмоқда, кўплаб инқироз ва синовлар мавжуд. Бундай шароитда ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши алоҳида эътирофга лойиқ», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилди.
«Мен жорий йилнинг ўзидаёқ ушбу йўналишда салмоқли натижаларга эришишга катта умид билдирдим. Бу мамлакат учун муҳим тарихий қадам бўлади», — деди Чакрабарти.
Шунингдек, маслаҳатчининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ислоҳотчи давлат сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар, жумладан, Қазиб олиш саноатининг шаффофлиги ташаббусига (EITI) қўшилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова январь ойи охирида Чакрабарти билан айнан шу масалани муҳокама қилганди. Тез орада EITI делегациясининг Тошкентга ташрифи кутилмоқда.
Қазиб олиш саноатининг шаффофлиги ташаббуси (EITI) — нефть, газ ва минерал ресурслар каби табиий бойликларни бошқаришда очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган халқаро стандарт ва ихтиёрий халқаро ташаббусдир. У ресурс қазиб олишдан тушадиган молиявий оқимлар — лицензия ва шартномалар берилишидан тортиб, компаниялар томонидан тўланган ва давлат томонидан олинган даромадлар ҳисоби, шунингдек, уларнинг иқтисодиётда ишлатилишигача бўлган жараёнларнинг шаффофлигини оширишга хизмат қилади. Иштирокчи давлатлар ушбу босқичлар бўйича маълумотларни эълон қилиш мажбуриятини олади, бу эса коррупция хавфларини аниқлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, Тошкент глобал ривожланиш форумини ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Ушбу форум доирасида ҳар йили пойтахтда долзарб глобал масалаларни муҳокама қилиш учун халқаро олим ва тадқиқотчиларни тўплаш режалаштирилган.
Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳамда маҳаллий судья ва адвокатларнинг малакасини оширадиган Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Суд халқаро стандартлар асосида фаолият юритади ҳамда тижорат низоларини кўриб чиқишда шаффофлик ва олдиндан прогноз қилиш имкониятини таъминлайди.
«Бу инвесторлар учун муҳим сигнал бўлади, чунки низоларни нафақат маҳаллий, балки халқаро стандартлар асосида ҳам ҳал қилиш имконини беради, бу эса мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади», — деди маслаҳатчи.
Президент томонидан тасдиқланган жорий йилги иш дастурида аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш бўйича қатор ташаббуслар кўзда тутилган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳудудларда таълим стандартларини тенглаштириш ва барқарор юқори таълим сифатини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатни халқаро инвесторлар ўртасида тарғиб қилиш учун road show, яъни тақдимот тадбирлари сонини кўпайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
«Октябрь ойида Лондонда ўтказилган road show жуда муваффақиятли ўтди. Яқин вақт ичида Абу Дабида ҳам шунга ўхшаш тадбир ўтказиш режалаштирилган», — деди у ва бундай ташаббуслар Ўзбекистонни халқаро майдонда янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилишини қўшиб қўйди.
Аввалроқ Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилнинг март ойида Камерунда бўлиб ўтадиган 14-Вазирлар конференциясига қадар якунлаш ниятида экани хабар қилинганди. Ўтган йилнинг охирида президент вакили жараёнда «беихтиёр секинлашишлар» хавфи борлигини билдирган.
Сума Чакрабарти 2020 йил сентябрь ойида президент маслаҳатчиси этиб тайинланган. У 2012 йил июлдан 2020 йил июлгача Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти лавозимида ишлаган. ЕТТБни бошқаришдан олдин эса Буюк Британиянинг Халқаро ривожланиш департаменти (2002−2007) ва Адлия вазирлигида (2007−2012) доимий котиб бўлган.
У маслаҳатчи сифатида иштирок этаётган ислоҳотларнинг учта йўналиши ҳақида сўзлаб берганди. Улар қаторига иқтисодий ислоҳотлар, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, шунингдек, коммуникациялар ва халқаро брендинг киради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.