«Мақсадимиз — фақатгина ҳақли бўлган улушимизни олиш»: Афғонистоннинг трансчегаравий сувлар бўйича позицияси

«Мақсадимиз — фақатгина ҳақли бўлган улушимизни олиш»: Афғонистоннинг трансчегаравий сувлар бўйича позицияси

Марказий Осиё ва Афғонистон иқлим ўзгариши оқибатларига бирдек дуч келмоқда. Бундай шароитда сувни бошқариш фақатгина миллий муаммо бўлишдан тўхтаб, минтақавий ва глобал миқёс касб этмоқда, деб ҳисоблайди Афғонистон сув ресурслари ва энергетика вазири ўринбосари Мужиб-ур-Раҳмон Омар.

25−26 март кунлари бўлиб ўтган Tashkent Water Week халқаро форуми доирасида у Афғонистоннинг сув ресурсларини биргаликда бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва минтақавий шериклик масалалари бўйича позициясини баён қилди, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Глобал иссиқхона газлари чиқиндиларига ўз ҳиссасини қўшган ўша ривожланган давлатлар иқлим ўзгариши қурбонига айланган мамлакатларга илмий тадқиқотлар ўтказиш, мониторинг қилиш ва эҳтиёжларимизни баҳолашда ёрдам бериши керак», — деди Мужиб-ур-Раҳмон Омар.

Вазир ўринбосари ўз нутқида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида боғловчи бўлиб хизмат қилувчи ҳамда минтақада «ишонч, техник ҳамкорлик ва барқарор ривожланишни» мустаҳкамлаш учун имкониятлар очувчи Панж ва Амударё ҳавзаларига алоҳида эътибор қаратди.

Мужиб-ур-Раҳмон Омар тарихан Афғонистон ушбу дарё ҳавзасидан жуда кам миқдорда сув олганини таъкидлади.

«Ҳозир, мамлакатда хавфсизлик таъминланган бир пайтда, биз минтақанинг адолатли ва барқарор ривожланишига ишонамиз. Биз қонуний асосларда, минтақа мамлакатларининг қонуний ҳуқуқларига мувофиқ ривожланиш ниятидамиз ва уларни инобатга оламиз», — деб баёнот берди вазир ўринбосари.

Афғонистон делегацияси томонидан кўтарилган масалалардан бири Амударё соҳилларини мустаҳкамлаш бўлди. Мужиб-ур-Раҳмон Омар Афғонистон Амударё ҳавзасидаги тупроқ эрозияси ва қирғоқларнинг ювилишидан жиддий зарар кўрганини таъкидлади ҳамда қўшни давлатларга соҳилни ҳимоя қилиш бўйича миллий лойиҳаларни «минтақавий ҳамкорлик руҳида» мувофиқлаштириш илтимоси билан мурожаат қилди.

Вазир ўринбосари Афғонистон сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ҳамда гидрологик маълумотлар, жумладан, сув омборлари ҳақидаги ахборотлар билан алмашиш тарафдори эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, бу сув исрофини камайтириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

«Сув — ҳаёт манбаи, иқтисодий тараққиёт асоси ва ижтимоий ривожланишнинг пойдеворидир. Агар биз илм-фан, технология ва ишончни бирлаштира олсак, минтақамизни бошқалар учун ҳамкорлик ва амалий мулоқот намунасига айлантиришимиз мумкин», — деди вазир ўринбосари.

Нутқининг якунида Мужиб-ур-Раҳмон Омар Кобулнинг трансчегаравий сувлар бўйича расмий позициясини хулосалади.

«Афғонистон Ислом Амирлиги сув ресурсларидан адолатли ва барқарор фойдаланиш тарафдори ҳамда конструктив роль ўйнашга тайёр. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мақсадимиз — фақатгина ўзимиз ҳақли бўлган улушни олиш. Биз бирор-бир давлатга зарар етказиш ниятида эмасмиз. Юзага келадиган ҳар қандай тушунмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкин», — деди у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.