Ҳужжатга мувофиқ, байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар, маҳаллалар, шунингдек вазирлик ва идоралар тизимида кенг нишонланади. Бунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, иқтисодий ўсиш, мамлакат мудофаа салоҳияти ҳамда миллий қадриятларни асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Апрель-сентябрь ойларида республика бўйлаб «Мустақиллик тўйи» фестивали доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳалар ўтказилиши режалаштирилган. Уларда илм-фан, маданият, санъат ва спорт вакиллари иштирок этади. Шунингдек, байрам арафасида йирик саноат, таълим, маданият ва спорт объектларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар «Ватан фидойилари» рамзий монументи лойиҳаси ишлаб чиқилади. У келгусида республика бўйлаб барпо этиладиган умуммиллий бирдамлик боғларига ўрнатилади.
Шу билан бирга, 1 августга қадар «Мустақиллик зафарномаси» номли махсус китоб-альбом тайёрланади. Унда мамлакатда эришилган натижалар ва ютуқлар акс эттирилади.
Ёшлар учун ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35 ва #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акциялари бошланади. Шунингдек, «35 йиллик Истиқлол йилномаси» рукнида ҳужжатли фильмлар ва кўрсатувлар тайёрланади.
Август ойида Тошкент шаҳрида «Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусида халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган.
Марказий банк 2026 йил 1 сентябрга қадар мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган эсдалик олтин тангасини чиқаради.
Байрам тадбирлари ҳудудларда маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида эса республика ва шаҳар бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.