Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Бухорода учрашади

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Бухорода учрашади

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

11 апрель куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади ва айнан Бухорода олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

«Унда Ўзбекистон — Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Сиёсий мулоқотни, парламентлараро, ҳукуматлараро ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади хабарда.

Акорда ҳам давлат раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи ва Шавкат Мирзиёв билан «норасмий учрашуви» ҳақида эълон қилди. «…минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда», — дейди матбуот хизмати.

Шунингдек, етакчилар, Ўзбекистон томонига кўра, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт, энергетика, сув ва экология соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилади.

Биргаликда тарихий обидаларни зиёрат қилиш, саноат корхоналари фаолияти ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш ҳам режалаштирилган.

Бугун эса Мирзиёев Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.