Ўзбекистон — Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар аввалида давлат раҳбари Қозоғистон президентини янги конституция бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ҳудудларда мунтазам равишда норасмий учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланиб, икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни очиқ ва конструктив муҳокама қилишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Барча даражалардаги алоқалар, жумладан, ҳукуматлараро ва парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди.
Товар айирбошлаш барқарор ўсиб, ўтган йили 5 миллиард долларга етди. Автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Кимё, геология, энергетика, автомобиллар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди.
Транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлайдиган самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, шу жумладан чегарадош ҳудудларда «Тоза ҳаво» лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлаш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар инновацион ва юқори технологик соҳаларда, жумладан, космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш қатъийлигини билдирдилар.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, маданият кунлари, ёшлар форумларини ўтказиш, креатив иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш топширилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.