Ўзбекистонда тадбиркорлар жариманинг ярмини 1 ойда тўласа, қолган қисмидан озод этилади

Ўзбекистонда тадбиркорлар жариманинг ярмини 1 ойда тўласа, қолган қисмидан озод этилади

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун молиявий жарималарни қўллаш тартибини енгиллаштиришга қаратилган янги механизм жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда 13 апрель куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган таклифларда маълум қилинди.

Тақдимотда қайд этилишича, амалда молиявий жарималарни қўллашда қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Жарималарнинг асосий қисми ваколатли органлар томонидан қўлланилаётгани, судлар роли эса нисбатан камлиги суд назоратини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан жорий йил 1 октябрдан жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи ягона тартибни жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, тадбиркор бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмидан озод этилади.

Яна бир янгилик сифатида жарималарни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш режалаштирилмоқда. Агар тадбиркор қарор топширилганидан кейин бир ой ичида сумманинг олтидан бир қисмини тўласа, жаримани 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш имконияти автоматик равишда қўлланилади.

Суд назоратини кучайтириш мақсадида жарима ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинса, ундирилган маблағларни 15 кун ичида қайтариш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Агар бу муддат бузилса, кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоиз ҳисобланади.

Шунингдек, жараёнларни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида молиявий жарималарнинг электрон реестрини юритиш, қарорларни электрон рақамли имзо орқали киритиш таклиф этилган. Тизимга киритилмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар учун мобил илова орқали жарималарни кузатиш ва онлайн тўлаш, шунингдек, қарорлар устидан онлайн шикоят бериш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Шикоят киритилганда қарор ижроси автоматик равишда тўхтатиб турилади.

Давлат раҳбари тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жарималар қўллашда адолат ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлаб, таклифларни янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.