Мактубда Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасбига «қадимий Бухоро шаҳрига амалий ташриф чоғида кўрсатилган алоҳида меҳмондўстлик ва самимият учун» миннатдорлик билдирган.
«Пухта ўйланган тадбирларга бой ташрифнинг ўзи, шубҳасиз, фойдали бўлди. Назаримда, Бухородаги бир кунлик музокаралар узоқ муддатли сиёсий самараси жиҳатидан расмий ташрифдан асло қолишмайди», — деб ёзган у.
Қозоғистон президенти Остонага қайтгач, эришилган ва тасдиқланган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги фойдали тажрибасини ҳисобга олиш бўйича топшириқлар берганини маълум қилган.
«„Тоза ҳаво“ қўшма ташаббусига алоҳида аҳамият бераман», — дейилади мактубда.
«Ишончим комилки, биз қўйган вазифаларнинг сифатли бажарилиши Қозоғистон — Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янги чўққиларга олиб чиқишга хизмат қилади», — дея таъкидлаган Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шунингдек, у Шавкат Мирзиёевга «Қозоғистон учун катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган» архив материаллари топширилгани учун миннатдорлик билдирган.
«Бу ҳаракат сизнинг бағрикенглигингиз ва қозоқ халқига бўлган илиқ муносабатингиз, қардош мамлакатларимиз тарихини муносиб эътироф этишингиздан далолат беради», — деди Қозоғистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Бухородаги музокараларда етакчилар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни, жумладан, чегараолди ҳудудларида «Тоза ҳаво» лойиҳаларини илгари суриш бўйича ҳамкорликдаги ишларнинг муҳимлигини таъкидлаган эди.
«Тоза ҳаво» ташаббуси ҳақида гапирар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев бу масала Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари учун ҳам долзарб эканини қайд этганди.
«Тошкентнинг экологик ҳолати бўйича билдирган хавотирингизга қўшиламан. Бизда, Олмаотада ҳам вазият жуда оғир. Олмаота, афсуски, дунёнинг энг ифлосланган йирик шаҳарлари рўйхатига кирди ва зудлик билан чоралар кўриш лозим… Ушбу ташаббус доирасида кўп ишларни амалга ошириш мумкин. Бу маҳаллий ҳокимият органларини ҳам, тадбиркорларни ҳам экология ва умуман табиатни муҳофаза қилиш масаласида масъулиятлироқ бўлишга ундайди», — деган эди ўшанда Қозоғистон раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.