Ҳарбийларга бериладиган ойлик тўловлар миқдори оширилади ва офицерларни тайёрлаш кенгайтирилади

Ҳарбийларга бериладиган ойлик тўловлар миқдори оширилади ва офицерларни тайёрлаш кенгайтирилади

Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдим этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, армияда жанговар шайликни ошириш, таълим ва касбий тайёргарликнинг янги тизимини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда. Қўшинларда мунтазам равишда стратегик ва қўмондонлик-штаб машқлари, дала юришлари ва ўқув курслари ўтказилмоқда.

Шахсий таркибнинг маънавий-руҳий барқарорлигини шакллантириш, стрессли шароитларда ҳаракат қилиш ва жанговар вазиятда қарор қабул қилиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий можаролар таҳлили ҳисобга олинган ҳолда, жанг олиб боришнинг янги усуллари жорий этилмоқда, бўлинмаларнинг ҳаракатчанлиги ва вазифаларни мустақил бажариш қобилияти оширилмоқда.

Алоҳида бўлим захирадаги ва резервдаги офицерларни тайёрлашга бағишланган. Ҳозирги кунда у ҳарбий ўқув марказларида ва тўртта фуқаролик ва иккита ҳарбий олий ўқув юртларининг факультетларида 42 та мутахассислик бўйича олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Урганч, Термиз ва Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида яна бешта ҳарбий ўқув марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, «Чақириққача ҳарбий таълим» йўналиши бўйича уч йиллик бакалавриат дастурини жорий этиш, замонавий йўналишлар, жумладан, сунъий интеллект, дронлар ва робототехника бўйича офицерлар тайёрлашни кенгайтириш, ўқув дастурларини халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда янгилаш режалаштирилган.

Ҳарбийларга бериладиган ойлик тўловлар миқдори оширилади ва офицерларни тайёрлаш кенгайтирилади
Виктор Махмудов, Президент Хавфсизлик Кенгаши раиси (чапда). Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳарбий тиббиёт институтида илк бор ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагида бўлган ординатура ва магистратура талабалари учун тўлов-контракт асосида таълим ташкил этилади. Нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам шундай имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Мудофаа вазирлиги офицерларининг узоқ йиллик хизмати учун ойлик устамаларини 2 бараварга, оддий аскарлар ва шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантларнинг пул таъминотини 10 фоизга ошириш таклиф этилди. Бу суммаларни 1 апрелдан ошириш режалаштирилган эди.

Президент бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг амалга оширилиши ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришини таъкидлади. Якунда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.