Кўргазма олтинчи марта ўтказилмоқда, бу йил унда 35 давлатдан 10 мингдан ортиқ бизнес вакиллари иштирок этди.
Денис Мантуров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон президенти билан музокараларда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва логистика марказларини ташкил этиш соҳаларидаги лойиҳалар муҳокама қилинганини маълум қилди.

Учрашувда, шунингдек, Татаристон ва Бошқирдистон республикалари, Ленинград, Киров, Иркутск ва Омск вилоятлари ҳамда Россиянинг қатор етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
«Ўзбекистон билан ҳамкорлик жуда фаоллашди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 427 миллион долларни ташкил этди. Мамлакат жуда тез ўзгармоқда. Катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Айниқса, Ўзбекистон президенти саноатлаштиришга, саноат паркларини ташкил этишга ҳамда янги бизнесларни йўлга қўйишга катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатингиз дунёдаги автомобилсозлик соҳасида етакчи давлатлардан бирига айланади. Бу жуда жиддий ва кенг қамровли иш эканини кўриб турибмиз. Бугун асосан Бухоро бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бухоро вилояти ҳокими билан биргаликда ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳа бўйича президентга ҳисобот берилди», — деди Татаристон раиси Рустам Минниханов.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қўшимча қилди: «„Алабуга“ махсус иқтисодий зонаси тажрибасидан фойдаланган ҳолда Бухоро вилоятида 1000 гектар ҳудудда саноат парки ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳа ҳудуд саноат ривожининг драйверига айланади».
Татаристон раиси 2025 йил апрель ойида Бухоро саноат мажмуасида бўлган.
Ботир Зариповнинг айтишича, президент ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни икки баробарга ошириш, товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга, туристлар оқимини эса 600 минг кишига етказиш вазифасини қўйган. Шунингдек, 6 та савдо уйи очилиши ва Россия ҳудудида лойиҳаларни ривожлантириш орқали 3000 та иш ўрни яратиш ҳамда ҳар йили бюджетга 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ жалб этиш режалаштирилмоқда.
«Маҳсулотларнинг катта қисми экспортга, жумладан қўшни Афғонистонга йўналтирилади. Бу шунчаки рақамлар эмас, бу Бухоро вилояти иқтисодий ўсишининг янги траекторияси», — дея қўшимча қилди Ботир Зарипов.
Бошқирдистон Тошкент вилоятида йирик лойиҳада иштирок этиш ва Ўзбекистонга рейслар сонини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида республика раҳбари Радий Хабиров маълум қилди.
«Ўзбекистон билан ҳамкорлик Бошқирдистон учун биринчи ўриндаги аҳамиятга эга. Ҳозир бизнинг асосий эътиборимиз Тошкент вилоятидаги йирик саноат режаларига қаратилган. Мен бугун президентингиз, муҳтарам Шавкат Мирзиёевга Бекободда йирик технопарк қуриш режамиз ҳақида хабар бердим. Биз бу борада келишиб олдик. Бизда бешта йирик резидент бор», — деди Радий Хабиров.

Республика раҳбари РБКга берган интервьюсида ушбу лойиҳага инвестициялар 13 млн доллардан ошишини ва технопарк «ишлаб чиқаришларни жойлаштириш ва Бошқирдистон компанияларини Марказий Осиё бозорларига олиб чиқиш учун таянч нуқта» сифатида кўрилаётганини айтди.
«Бекобод-Уфа технопарки 100 гектарда ташкил этилди. Бу ерда 25 та лойиҳа 200 миллион доллар инвестиция билан бугун тасдиқланди. Тошкент вилояти Россия Федерациясининг еттита ҳудудида 17 та лойиҳани амалга оширяпти. Масалан, Бошқирдистонда учта лойиҳа: биринчиси — электротехника ишлаб чиқариш, иккинчиси — меҳмонхона қуриш ва учинчиси — қишлоқ хўжалигида чорвачилик фермаси комплексини қуриш бўйича лойиҳаларимиз юзасидан ҳисобот бердик. Худди шундай лойиҳаларимиз Бошқирдистонда, Нижний Новгород ва Томск вилоятларида амалга ошириляпти. Мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва шу билан биргаликда маданий, гуманитар, соғлиқни сақлаш ва фан-таълим соҳасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш топшириғини олдик ва унинг ижросига киришамиз», — деди Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.
Унинг сўзларига кўра, «Иннопром» майдонида Россия томони билан ҳамкорликнинг умумий ҳажми 6,3 млрд долларни ташкил этган.
«Биз Россиянинг 13 та ҳудуди билан 38 та лойиҳани амалга оширган бўлсак, 2025 йил якуни билан 504 миллион доллар инвестицияни жалб қила олдик. Бу 25 йилнинг ўзи учун. 2026 йилга режаларимиз борасида бу сафар тайёргарлик бошқача бўлди. Сабаби, Россиянинг ҳудуд раҳбарлари уч кун олдин келишди. Улар билан биз потенциални кўрсатдик. Фақат мен битта нарсани айтаман, уч кун давомида Россия компанияларининг 30 дан зиёди билан шахсан ўзим гаплашдим. 13 та губернатор билан гаплашдим. Натижа шундай бўляптики, ҳозирги қилаётган лойиҳаларимиз 612 миллион долларни ташкил қиляпти. Бу фақат 2026 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар», — деди Зойир Мирзаев.
Президент иштирокидаги учрашувда томонлар, шунингдек, савдо ҳажмлари барқарор ўсаётгани, саноат, тинч атом, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов Татаристон ва Киров вилояти билан янги келишувлар имзоланганини маълум қилди. Жумладан, Қашқадарёдан тўқимачилик, тайёр кийим-кечак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қуритилган мевалар экспорт қилиш, шунингдек ишбилармонлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувлар тузилган.
«Қарши шаҳрида Россия бренди иштирокида 600 та иш ўрнига мўлжалланган тикувчилик фабрикаси ишга туширилди, маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда. Лойиҳани Шаҳрисабзда ва Қамаши туманида кенгайтириш орқали иш ўринлари сонини 3000 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, Ғелон ҳудудида Татаристон билан ҳамкорликда тоғ-чанғи курортини ташкил этиш ишлари бошланган. Лойиҳа тасдиқланган йўл харитаси асосида босқичма-босқич амалга оширилади», — деди Муроджон Азимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия вакиллари техника йўналишидаги қўшма олийгоҳлар негизида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун муҳандис кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.