26 та туман ва шаҳардаги давлат идоралари ягона маъмурий марказларга ўтказилади

26 та туман ва шаҳардаги давлат идоралари ягона маъмурий марказларга ўтказилади

Ўзбекистоннинг бир қатор туманларида давлат муассасаларини ягона маъмурий марказларга кўчириш бошланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Президентга кўра, кўплаб туманларда марказий кўчалар ва гавжум жойларнинг катта қисмини давлат идоралари эгаллаган.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани тажрибаси асосида бундай ишлар 19 та туман ва шаҳарда бошланмоқда.

Шу билан бирга, кўплаб ҳокимлар ташаббус кўрсатмаётгани, идораларни битта бинога кўчириш, электр энергияси, газ, сув ва таъмирлаш харажатларини камайтириш, бўшайдиган майдонларни тайёр инфратузилма билан тадбиркорларга бериш ҳақида ўйламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев давлат идораларида фақат шундай оптималлаштириш ҳисобига йилига 1,8 млрд кВт⋅соат электр энергияси ва 340 млн куб метр газни тежаш мумкинлигини таъкидлади.

Бутун мамлакат бўйлаб ушбу тизимни жорий этиш орқали бизнес учун 5 миллион квадрат метр майдонни бўшатиш имконини берувчи беш йиллик дастурни тайёрлаш вазифаси топширилди. Таъкидланишича, жорий йилнинг ўзидаёқ 26 та туманда давлат муассасаларини бир жойга кўчириш ишлари бошланиши керак.

Давлат раҳбари янги маъмурий марказлар қурилишида ҳар бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдон 15 квадрат метрдан ошмаслигини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Аввалроқ давлат ташкилотларида 1 ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни деярли 2 баробарга — 27 квадрат метрдан 12−15 квадрат метргача қисқартириш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Бунда 4,9 млн кв/м майдонни бўшатиб, бир қисмини сотиш ёки ижарага бериш кўзда тутилган. Давлатнинг иқтисодиётдаги улуши 42 фоизга баҳоланган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.