Президент Самарқандда ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиғилишида қатнашади

Президент Самарқандда ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиғилишида қатнашади

3−4 май кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши тадбирларида иштирок этади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари йиғилишнинг очилиш маросимида нутқ сўзлайди, шунингдек, хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказади.

Йиғилишнинг асосий мавзуси — «Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш». Хабарда қайд этилишича, форум глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш устуворликларини муҳокама қилиш учун асосий халқаро майдонлардан бирига айланади.

Иштирокчилар диққат марказида «яшил» трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат таъминот занжирлари барқарорлиги ва бошқа масалалар бўлади.

3−6 май кунлари ўтадиган саммитда 100 дан ортиқ мамлакат делегациялари, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа институтлар раҳбарлари ҳамда вакиллари, шунингдек, 2000 га яқин хорижий ҳукуматлар вакиллари, етакчи хорижий компания ва банклар, трансмиллий корпорациялар топ менежерлари ва нуфузли экспертлар иштирок этади. Жами 4000 дан зиёд делегат келиши кутилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён ОТБ аъзоси ҳисобланади ва унинг энг йирик шериклари қаторига киради: лойиҳаларнинг умумий портфели қарийб 16 миллиард долларга етган. Мамлакат банкнинг йиллик йиғилишига иккинчи бор мезбонлик қилмоқда. 2010 йилнинг 3−4 май кунлари Тошкент шаҳрида 43-йиғилиш бўлиб ўтганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.