Очилиш маросимида Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазир ўринбосари, давлат тажрибаси алмашинуви бўйича масъул вакил Моҳамед Рашид бин Талиа, БААнинг хизматларни ривожлантириш дастури ва Zero Bureaucracy дастури ижрочи директори Ҳишам Амирий ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров сўзга чиқди.
“Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги “Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда. Дастурнинг асосий мақсади — давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматларининг сифати ва очиқлигини оширишдан иборат.
Мазкур мақсадларга эришиш давлат ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот сифатини яхшилайди, давлат хизматчиларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлайди, шунингдек, объектив стандартлар ва ўлчаб бўладиган натижаларга асосланган рақамли демократик бошқарувга ўтиш учун шароит яратади.
Ислоҳотларнинг долзарблиги давлат хизматларига бўлган юқори талаб билан изоҳланади. Хусусан, 2026 йил бошидан буён my.gov.uz портали орқали 24 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган. Шу билан бирга, бизнесни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, ижтимоий тўловларни расмийлаштириш ва мулкий ҳуқуқларни қайд этиш соҳаларида ҳануз ортиқча ҳужжат талаблари ҳамда мураккаб маъмурий тартиб-таомиллар сақланиб қолмоқда ва уларни тизимли равишда бартараф этиш зарурати мавжуд.
Семинар давомида БАА Бош вазири канцелярияси мутахассислари, шунингдек, БАА Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Энергетика ва инфратузилма вазирлиги вакиллари “Zero Government Bureaucracy” ташаббусини амалга ошириш бўйича илғор халқаро тажрибани тақдим этдилар. БААнинг Global Star Rating дастури раҳбари Амира Ал Кетби иштирокчиларни давлат хизматлари сифатини халқаро баҳолаш методологияси ва уни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятлари билан таништирди.
Тадбир давомида “Zero Bureaucracy” рақамли платформаси — www.byurokratiyasiz2030.uz ҳам тақдим этилди. Мазкур платформа маъмурий жараёнларни таҳлил қилиш, мавжуд тўсиқларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва ижросини мониторинг қилиш имконини беради. Платформа идоралараро ҳамкорлик учун ягона рақамли муҳитни шакллантириб, ислоҳотлар самарадорлигини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш имкониятини яратади.
Дастур моҳияти фуқаролар ва давлат хизматлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар жараёнларини, ҳар бир қарор қабул қилиш бўғини ҳамда мурожаатлар билан ишлайдиган ҳар бир тизимнинг асослилиги нуқтаи назаридан танқидий таҳлил қилишдан иборат. Таҳлил натижалари асосида маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилади, бошқарув даражалари ўртасида ваколатлар қайта тақсимланади ва айрим жараёнлар рақамлаштирилади. Ушбу чора-тадбирлар мажмуаси бюрократияни қисқартиришга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида мақсад эмас, балки давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш воситаси ҳисобланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.