Тошкентнинг 10 та тумани ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви бошланди

Тошкентнинг 10 та тумани ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви бошланди

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтдаги 12 та тумандан 10 тасининг ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида фармойиш берди. Фармойиш 3 август куни имзоланган.

Текширув Бектемир (Нурилла Абдураҳмонов), Миробод (Анвар Сайфиддинов), Мирзо Улуғбек (Баҳодир Ғоибназаров), Олмазор (Қудратилла Тўлаганов), Сергели (Даврон Исматов), Учтепа (Бунёд Мамаджанов), Чилонзор (Саидқаҳҳор Холхўжаев), Шайхонтоҳур (Бобур Абубакиров), Юнусобод (Аброрхўжа Саидалиев) ва Яшнабод (Бахтиёр Раҳмонқулов) туманлари раҳбарларига тааллуқли.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 22 июлдаги тақдимномаси бунга асос бўлди. Текширув ҳужжатда келтирилган ҳолатларни аниқлаши ва важларни ўрганиб чиқиши керак. Пойтахт ҳокимлигининг Gazeta`га маълум қилишича, хизмат текшируви туман ҳокимларининг қарор ва фармойишлари E-Qaror электрон тизимида эълон қилинаётганда улардан фойдаланиш имконияти асоссиз чекланган бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ.

Текширувни ўтказиш учун шаҳар комиссияси тузилди. Унга Тошкент шаҳри ҳокимлиги комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат хизмати раҳбари Шуҳрат Турдиқулов бошчилик қилди. Таркибга шунингдек, ҳоким аппарати раҳбари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари, юридик бошқарма бошлиғи ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими вакили кирди.

Комиссияга «холисона ва сифатли» текширув ўтказиш ҳамда унинг якунлари бўйича хулосаларни расмийлаштириш топширилди. Зарурат туғилганда, у бошқа ташкилот ва идоралар мутахассисларини жалб қилиши мумкин бўлади.

Фармойиш ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳри ҳокимининг комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат масалалари бўйича ўринбосари Мирмуҳаммад Мирҳамидов зиммасига юкланди.

Gazeta хизмат текшируви бошланишига асос бўлган тақдимнома мазмуни бўйича ҳокимлик ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборди.

Эслатиб ўтамиз, биринчи ярим йилликда Ўзбекистон ҳокимликлари қабул қилинган ҳужжатларнинг 24,2 мингтасини — умумий сонининг 28,5 фоизини жамоатчиликдан яширган. Улар орасида 1,5 трлн сўм (тахминан 125 млн доллар) ажратишга оид, қонун билан қўриқланадиган маълумотларни ўз ичига олмаган 692 та қарор ҳам бор. Маблағларнинг ярмидан кўпи қурилишга йўналтирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.