Наманганда «электр узилди» деган гап одамлар эсидан чиқиб кетди — вилоят ҳокими

Наманганда «электр узилди» деган гап одамлар эсидан чиқиб кетди — вилоят ҳокими

Наманган вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилган энергетика лойиҳалари натижасида электр таъминоти сезиларли даражада яхшиланди, деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. Унинг айтишича, бугунги кунда «Наманганда электр узилди» деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетган. Ҳоким бу ҳақда у президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат ҳудудларида янги объектларни фойдаланишга топшириш маросимидаги нутқида маълум қилди.

Ҳокимнинг таъкидлашича, Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда қиймати 200 млн доллар бўлган, 200 мегаватт қувватга эга энергия сақлаш тизими барпо этилган.

«Битта нарсага амин бўлиб ҳамма қайтаряптики, Ўзбекистонда, Наманганда электр узилди деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди. Мана, ҳурматли президентимизнинг сўнгги йиллардаги энг катта ислоҳотлари натижаси деган ишонч ҳосил қилинди», — деди Шавкат Абдураззоқов.

Унинг сўзларига кўра, Наманганда иккита 500 мегаваттли қуёш электр станцияси барпо этилган. Шунингдек, Чуст, Чортоқ, Норин ва Уйчи туманларида умумий қуввати қарийб 300 мегаватт бўлган электр станциялари қурилмоқда. Поп туманида яна 200 мегаваттли электр станциясини қуриш режалаштирилган.

«Наманганни ўзида иккита 500 мегаваттли қуёш электр станцияси, Чуст, Чортоқ, Норин, Уйчи туманларида 300 мегаваттга яқин [электр станциялари] қурилиши, Поп туманида ҳам яна 200 мегаваттлик [станция] қурилиши айтилган гапларнинг исботи», — деди вилоят раҳбари.

Ҳоким, шунингдек, вилоятга жалб этилаётган инвестициялар ҳажми ҳақида ҳам ахборот берди. Унинг айтишича, Наманганга ўтган йили 4 млрд доллар инвестиция киритилган. Жорий йилнинг саккиз ойида бу кўрсаткич 3,2 млрд долларга етган ва йил якунига қадар 5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

«Йил якуни билан сизга 5 миллиард доллар инвестиция киришга ваъда берганмиз, бунинг устида ишлаймиз. Аниқ лойиҳаларимиз бор», — деди Шавкат Абдураззоқов.

Унинг маълум қилишича, Озарбайжон билан ҳамкорликда вилоятда умумий қиймати 210 млн доллар бўлган учта лойиҳага старт берилган.

Шунингдек, Наманганда бу йил 1,3 минг километр ички йўлларни таъмирлаш ва яхшилаш ишлари амалга оширилади. Сўнгги йилларда эса вилоятда 6,4 минг километр ички йўл асфалтланган.

«Бунақанги ишлар ҳеч қачон бўлмаган, бирорта соҳа қолгани йўқ», — деди ҳоким.

Абдураззоқовнинг айтишича, жорий йилда вилоятда барча манбалар ҳисобидан 12 трлн сўмлик инвестициялар ўзлаштирилмоқда. Вилоят раҳбари йил якунига қадар камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалар бажарилишини ваъда қилди.

«Биз сизга ваъда берамиз, йил якуни билан олдимизга қўйган камбағалликдан чиқариш, ишсизликни бартараф қилиш бўйича топшириқларни бажарамиз», — деди у.

Шавкат Абдураззоқов, шунингдек, президентнинг июнь ойида Наманганга ташрифини вилоят учун «тарихий ташриф» деб атади. Унинг қайд этишича, президент 23 июнь куни Наманган гуллар фестивалига ташриф буюрган, шунингдек, вилоятда давлат даражасидаги халқаро мақом анжумани ўтказилган.

«Шу, бу йил сизга ваъда берамиз, Наманган йили бўлади барча соҳада», — деди вилоят ҳокими.

Президент Шавкат Мирзиёев эса Наманганда сўнгги ўн йилда катта ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади.

«Билган одам билади, ўн йил олдин қандай эди-ю, ҳозир қандай бўлди. Янги-янги соҳалар йўқдан бор бўлди», — деди президент.

Давлат раҳбари наманганликларни мустақиллик байрами билан табриклаб, вилоят аҳлига янги зафарлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, 25 август куни президент 50 трлн сўмлик 72 та йирик инвестициявий лойиҳа ва 91 та ижтимоий объектни фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди. Улар орасида янги энергетика қувватлари, корхоналар, мактаблар, олий таълим муассасалари, шифохоналар ҳамда Миллий кутубхона бор.

Хусусан Наманган вилояти Уйчи туманида замонавий энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 100 МВт/200 МВт·соат қувватга эга энергия сақлаш электр станцияси EPC лойиҳаси фойдаланишга топширилди.

Лойиҳанинг афзаллиги шундаки электр энергиясига талаб паст бўлган вақтда тармоқда ортиқча электр энергияси мавжуд бўлганда, батарея тизими электр энергиясини қабул қилиб, захира сифатида сақлайди. Талаб кескин ошган вақтда аҳоли ва корхоналар истеъмоли кўпайиб, тармоқда юклама ортганда, тизимда сақланган электр энергияси тармоққа қайта узатилади.

Бундан ташқари, вилоятнинг Учқўрғон ва Норин туманлари ҳудудида, Катта Андижон каналида барпо этилган Қўғай — 1 (12 МВт) ва Қўғай — 2 (6 МВт) кичик ГЭС лари фойдаланишга топширилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.