АҚШ бутун дунё бўйлаб иммиграцион визалар бўйича суҳбатларни вақтинча тўхтатди

АҚШ бутун дунё бўйлаб иммиграцион визалар бўйича суҳбатларни вақтинча тўхтатди

АҚШ иммиграцион визаларга ариза берувчилар билан ўтказиладиган айрим визавий суҳбатларни бутун дунё бўйлаб вақтинча тўхтатди. Бунга Америка элчихоналари ва консулликлари ходимларини ўқитиш бўйича глобал дастурнинг бошланиши сабаб бўлган.

Бу ҳақда Reuters хабар берди. Агентлик маълумотларига кўра, аввалдан суҳбат санаси белгиланган айрим ариза берувчиларга учрашувлар бошқа муддатга кўчирилгани ҳақида хабар берилган. Янги саналар ҳозирча белгиланмаган.

АҚШ Давлат департаменти маълум қилишича, ўқув дастури ариза берувчиларни текшириш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган. Хусусан, консуллик ходимлари иммиграцион виза олишни режалаштираётган шахсларнинг молиявий ҳолатини янада чуқурроқ баҳолашга тайёрланади.

Бунда АҚШга кўчиб ўтганидан кейин ариза берувчининг давлат ижтимоий дастурларига қарам бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, гап барча визавий жараёнларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида бормаяпти.

АҚШ Давлат департаменти февраль ойида алоҳида рўйхатга киритилган 75 та давлат фуқаролари ариза топшириши ва суҳбатдан ўтиши мумкинлигини билдирган эди. Бироқ уларга иммиграцион визалар бериш вақтинча тўхтатилган.

Ушбу рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилган. Туристик ва бошқа ноиммиграцион визалар январь ойидаги мазкур чора таъсирига тушмаган.

Вазият ҳуқуқий жиҳатдан ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда. 21 август куни АҚШ федерал судьяси 75 та давлат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатишни назарда тутган январь ойидаги сиёсатни ноқонуний деб топди. Судья ушбу чора давлат котибининг ваколатларидан четга чиққанини қайд этди.

АҚШ маъмурияти мазкур қарор устидан апелляция бериши мумкин.

Материал эълон қилинган пайтда Давлат департаменти янги глобал ўқув дастури қачон якунланиши ва консулликлар одатий иш тартибига қачон қайтишини маълум қилмаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.