«Икки томонлама динамика ва минтақавий мувофиқлаштириш». Экспертлар — МО ва Жанубий Кавказ ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида

«Икки томонлама динамика ва минтақавий мувофиқлаштириш». Экспертлар — МО ва Жанубий Кавказ ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида

Gazeta яқинда Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари томонидан имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома хусусида экспертлар билан суҳбатлашди. Сиёсатшунослар янги ҳужжат нималарни ўзгартириши, Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг ягона макони шаклланаётгани ҳақида гапириш мумкинми-йўқми ва Жанубий Кавказ билан муносабатларнинг қайси формати энг самарали бўлиши мумкинлиги юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Gazeta: Озарбайжон Ўзбекистон сўнгги 26 йил ичида Абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолаган илк давлат бўлди. Бунгача бундай ҳужжатлар Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан имзоланган эди, бироқ «абадий дўстлик» форматининг ўзи муносабатларни инқироз ва кескинликлардан ҳар доим ҳам ҳимоя қила олмади. Озарбайжон билан бундай шартнома имзоланишини қандай баҳолайсиз: бу биринчи навбатда рамзий ишорами ёки амалий сиёсий моҳиятга эга ҳужжатми?


Аброр Фатхуллаев, сиёсатшунос:

Ўтган йиллардаги «абадий дўстлик» шартномалари кўпинча ҳеч қандай иқтисодий асоси бўлмаган, собиқ Иттифоқ парчаланиши ортидан қардошликни сақлаб қолишга қаратилган ҳиссий аванс эди, холос. Озарбайжон билан тузилган шартнома эса аванс эмас, балки аллақачон юз берган воқеликнинг расмий ифодасидир.

Томонлар дастлаб ишлайдиган институтларни шакллантирди, узлуксиз транспорт занжирларини ишга туширди, иқтисодиётларни миллиардлаб долларлик қўшма лойиҳалар орқали бир-бирига боғлади, бурилиш нуқталарида бир-бирига реал геосиёсий мадад кўрсатди ва шундан кейингина мазкур шартномага етиб келди. Яъни бу тасодифий қарор эмас, балки Марказий Осиё ва Кавказнинг икки асосий давлати ўртасидаги тизимли яқинлашувнинг мантиқий якунидир.

Ушбу ҳужжат нафақат ўзаро ишончнинг юқори даражасини мустаҳкамлади, балки томонлар зиммасига ҳужум қилмаслик, бетарафлик ва Боку ёки Тошкентнинг хавфсизлик манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай коалицияларда қатнашмаслик бўйича қатъий халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ҳам юклади. У йирик ташқи кучларнинг икки республика ўртасига нифоқ солиши ёки уларни бир-бирига қарши қўйиши хавфини камайтиришга қаратилган. Бошқача айтганда, глобал инқирозлар фонида Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказдаги барқарорлик ва хавфсизлик масалалари бўйича ўз позицияларини анча яқинроқ мувофиқлаштира бошлади.

Эльданиз Гусейнов, Nightingale Int сиёсий форсайт агентлиги ҳаммуассиси:

Ҳар бир давлат муносабатларни қандай ривожлантиришни хоҳласа, унинг доирасини ўзи белгилайди. Кўпинча муносабатларга бериладиган турли мақомлар — алоқаларни эълон қилинган даражага олиб чиқишга бўлган уринишдир. Ушбу муайян ҳолатда — абадий дўстлик даражасига.

Буни Хитой ташаббуслари билан қиёслаш мумкин. Пекин ўз ташаббусларига ёрқин номлар беришни ёқтиради. Масалан, «Бир макон, бир йўл», «Умумий тақдирга эга ҳамжамият» ёки «Глобал хавфсизлик ташаббуси». Бундай формулалар эътиборни тортади ва бренд яратади, кейинчалик муносабатлар худди шу ном остида ривожланади. Менимча, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кейинги учрашувлар «абадий дўстлик» бренди остида ўтказилганда, бу ҳам ўзгача бир муҳитни яратади.

Азамат Сулиманов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи:

Назаримда, Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг аҳамиятини фақат сиёсий рамзийликка боғлаб қўйиб бўлмайди. У изчил равишда шаклланган давлатлараро ишончнинг сифат жиҳатидан янги босқичини қайд этади: стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатлари, Олий давлатлараро кенгаш ва мана энди — абадий дўстлик.

Ҳужжат ўзаро қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва сиёсий кафолатларини белгилаб, иттифоқчилик муносабатларининг мисли кўрилмаган юқори даражасини институционаллаштиради. Унда томонларнинг бир-бирининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳар қандай иттифоқ ёки ташаббусларда иштирок этишдан тийилиш бўйича фундаментал мажбуриятлари акс этган.

Жаҳон дипломатиясининг тарихий тажрибаси шуни кўрсатадики, соф декларатив баёнотлар ҳар доим заиф бўлади. Бироқ Ўзбекистон ва Озарбайжон шериклигининг замонавий босқичи мустаҳкам пойдеворга таянади. Сўнгги саммит давомида шартнома билан бирга ўзаро савдо айланмасини 2030 йилга бориб 1 миллиард долларга етказиш дастури тасдиқланди, инвестиция соҳасидаги режалар қабул қилинди, банк сектори, саноат, хомашёни қайта ишлаш, таълим, туризм ва қишлоқ хўжалигида янги лойиҳаларга старт берилди. Ўзбекистонда аллақачон Озарбайжон капитали иштирокидаги 280 та корхона ташкил этилган бўлиб, қўшма инвестиция компанияси фаолият юритмоқда.

Шу боис мен ушбу шартномани биринчи навбатда амалда шаклланиб бўлган шерикликнинг узоқ муддатли сиёсий каркаси сифатида баҳолаган бўлардим. Бу каби ҳужжатларнинг кучи номланиши билан эмас, балки сиёсий ирода, институтлар ва ўзаро манфаатларнинг барқарорлиги билан белгиланади. Бугунги кунда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларида ушбу учала омил ҳам мавжуд.

Gazeta: Озарбайжон президенти Илҳом Алиев музокаралар якунларини изоҳлар экан, Марказий Осиё ва Озарбайжонни ягона геосиёсий ва геоиқтисодий минтақа деб атади. Сизнингча, бундай баҳо мавжуд воқеликни акс эттирадими ёки кўпроқ сиёсий ниятми?


Аброр Фатхуллаев:

Бу реал иқтисодиётдаги туб бурилиш ва ўзгаришларга таянадиган сиёсий баёнотдир. У шунчаки ниятлар декларацияси эмас, балки 2025 йилда Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига расман қўшилганидан сўнг экспертлар томонидан тобора кўпроқ «МО + Озарбайжон» макроминтақаси деб аталаётган янги тузилманинг шаклланишини эътироф этишдир. Натижада Озарбайжон билан ҳамкорлик хавфсизлик ва тараққиёт соҳасида умумий манфаатларга эга бўлган ягона Транскаспий макони қиёфасини касб эта бошлади.

Макроминтақанинг иқтисодий ва логистик асоси қуйидаги омилларга таянади:

Биринчидан, Ўрта коридор назарий лойиҳадан минтақа иқтисодиёти учун муҳим транспорт артерияларидан бирига айланди. Озарбайжон портлари (Боку/Алат) Марказий Осиёга ғарб йўналишларига чиқиш учун қўшимча имконият бермоқда, Марказий Осиё (ва Хитой) юкларисиз эса Озарбайжоннинг транзит инфратузилмаси ўз кўламини йўқотади.

Иккинчидан, энергия тизимларини бирлаштириш, «яшил» энергия транзити ва Каспийда углеводородларни биргаликда ўзлаштириш бўйича лойиҳалар минтақани ягона энергетика блокига айлантирмоқда.

Учинчидан, қўшма инвестиция жамғармаларининг ташкил этилиши, автосаноат ва тўқимачиликка йўналтирилаётган йирик инвестициялар, ҳаттоки Озарбайжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кириб келгани ягона бизнес макони шаклланаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, макроминтақа яхлит иқтисодий организм сифатида ишлаши учун Каспий денгизи орқали юк ташиш бўйича узлуксиз, тушунарли ва барқарор тарифлар зарур. Ҳозирча бу жараён ишлаб чиқиш босқичида турибди. Хитой ва Марказий Осиёдан юк оқимининг ортиши ягона хизмат кўрсатиш стандартларини яратишни, Каспийдаги терминалларни бир вақтда кенгайтиришни ҳамда паром флоти тақчиллигини биргаликда бошқаришни тақозо этмоқда.

Эльданиз Гусейнов:

Биласизми, биз аслида нимани геосиёсий ва геоиқтисодий деб атаймиз? Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик соҳасидаги таҳдидлар бир хилми? Агар геосиёсат ҳақида гапирадиган бўлсак, мен улар барча олти давлат учун бир хил деб айта олмаган бўлардим.

Агар транспорт сектори ҳақида гапирсак, ҳа, эҳтимол, биз ягона ёндашувни шакллантира олармиз. Лекин, назаримда, яқинда Қирғизистонда юз берган ва қўшни тўртта давлатга таъсир кўрсатган электр энергиясидаги узилишлар қайси макон ҳақиқатан ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатди. Худди шу ҳолат сув муаммоларига ҳам тегишли. Бир мамлакатдаги сув тақчиллиги бошқаларига сув ресурслари келишига ва оқибатда асосий маҳсулотлар нархига таъсир қилиши мумкин. Яъни буларнинг барчаси ягона ва бир-бирига боғлиқ маконнинг кўрсаткичларидир.

Озарбайжон билан эса Марказий Осиё ҳозирча, аввало, транспорт секторидан бошлаб, умумий маконни эндигина шакллантирмоқда.

Азамат Сулиманов:

Ушбу баҳода, шубҳасиз, келажакка қаратилган сиёсий қараш мавжуд, бироқ у аллақачон тўлақонли объектив жараёнларга таянмоқда. Президент Алиев фақатгина географик яқинлик ҳақида гапирмади. Сўнгги уч йил ичида у Марказий Осиё давлатларига 14 марта ташриф буюрди, минтақа мамлакатлари раҳбарлари эса Озарбайжонга 23 марта борди. Бу давлатлар ўртасидаги мулоқотнинг мисли кўрилмаган даражада фаоллашганини кўрсатади.

Энг асосийси — Евроосиёнинг иқтисодий географиясининг ўзи ўзгармоқда. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ Шарқ-Ғарб йўналишидаги транспорт, энергетика ва савдо занжирларининг бир-бирини тўлдирувчи бўғинларига айланмоқда. Марказий Осиё давлатлари учун Озарбайжон йўналиши Каспий орқали Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқиш учун қўшимча имконият яратади. Озарбайжон учун эса Марказий Осиё — ўсиб бораётган бозор ва транзит маконининг Шарққа қараб табиий давомидир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон транспорт боғлиқлигини кенгайтириш, узлуксиз ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва узоқ муддатли қўшма дастурларни шакллантириш тарафдори бўлиб чиқмоқда. Бундай ёндашув ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ мос келади: геосиёсий рақобат эмас, балки умумий тараққиёт йўлида давлатлар имкониятларини амалий бирлаштириш. Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчиларининг норасмий учрашувида президент Шавкат Мирзиёев минтақалараро ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришни очиқча таклиф қилди.

Шу сабабли мен шаклланаётган трансминтақавий боғлиқлик макони ҳақида гапирган бўлардим. Унинг аҳамияти давлатларимизнинг географияни иқтисодий устунликка айлантира олиш қобилияти билан белгиланади.

Gazeta: Сизнингча, Марказий Осиё мамлакатлари учун Озарбайжон ва Жанубий Кавказ билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш самаралироқ: келишилган минтақавий ёндашув орқалими ёки ҳозиргидек икки томонлама алоқалар орқалими?


Аброр Фатхуллаев:

Фикримча, Марказий Осиё мамлакатлари учун икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашни босқичма-босқич мувофиқлаштирилган минтақавий форматга ўтиш билан уйғунлаштирган аралаш ёндашувдан фойдаланиш энг самарали йўлдир.

Икки томонлама формат тезлик ва мослашувчанлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган аниқ иқтисодий вазифаларни тезкор ҳал этиш учун жуда зарур. У икки пойтахтга қўшма инвестиция фондларини тўғридан тўғри ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларини очиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш имконини беради. Бундай ҳолатда мамлакатлар ўзлари учун қулай суръатда жадал олдинга силжиб, юқори даражани белгилаши ва қолган ҳамкорлар учун ҳамкорликнинг тайёр ишчи моделларини яратиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўрта коридор ёки ягона энергетика ва рақамли магистраллар каби кенг кўламли геосиёсий ва трансчегаравий лойиҳаларни келишилган минтақавий ёндашувсиз амалга ошириш мутлақо мумкин эмас. Ҳатто энг самарали икки томонлама келишувлар ҳам, агар қўшни мамлакатларнинг транзит участкаларида инфратузилмавий тирбандликлар, тарифларнинг кескин кўтарилиши ёки божхона тўсиқлари юзага келса, ўз кучини йўқотади.

Ушбу масалалар бўйича умумминтақавий муросага эришиш мақсадида «Марказий Осиё — Озарбайжон» форматининг доимий котибиятини ташкил этиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бу кўп томонлама мулоқотни институционаллаштириш ҳамда энергетика ва рақамлаштиришдан тортиб трансчегаравий инфратузилмагача бўлган стратегик соҳаларда ягона минтақавий стандартларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Эльданиз Гусейнов:

Ҳозирги пайтда минтақанинг ҳар бир давлати Озарбайжон билан муносабатларда ўз ёндашувини ишлаб чиқади, чунки биз барибир бешта турли давлатмиз. Ва, менимча, қисқа муддатли истиқболда икки томонлама формат самарали ишлайди. Масалан, Озарбайжон ва Ўзбекистон томонидан ташкил этилган қўшма жамғарма. Ушбу жамғарма доирасида аллақачон реал лойиҳаларга маблағлар ажратилмоқда. Бундан ташқари, қурилиш соҳасида, шунингдек, нефть-газ тармоғида ҳам лойиҳалар мавжуд.

Кўп томонлама форматни эса келажакни кўзлаб ривожлантирган маъқул. Чунки мамлакатларимиз ҳозирча биргаликда яшаш ва ишлашни ўрганиши керак. Озарбайжон билан ҳамкорлик мисоли буни яхши кўрсатиб турибди. Мамлакатлар қандайдир умумий формат топишга ҳаракат қилмоқда, турли қадамлар ташламоқда, хатоларга йўл қўймоқда, аммо аста-секин ўрганмоқда.

Ўйлайманки, узоқ муддатли истиқболда бундай минтақавий ёндашув муҳим бўлади. Шу билан бирга, ҳозирча Озарбайжон ва Жанубий Кавказ билан ҳамкорликка фақат минтақавий ёндашув призмаси орқали қарамаслик керак. Минтақа давлатлари бошқа мамлакатларни ҳам умумминтақавий жараённинг бир қисми сифатида кўриб чиқмоқда. Масалан, Афғонистон ва ҳатто, мендаги маълумотларга кўра, Мўғулистонни ҳам. Шунинг учун бу формат кенгаяди деб ўйлайман.

Азамат Сулиманов:

Бу ерда бирини танлаб, иккинчисидан воз кечишга зарурат йўқ. Кучли минтақавий кооперация мустаҳкам икки томонлама муносабатлардан шаклланади, энг йирик лойиҳалар эса, ўз навбатида, бир нечта давлатларнинг келишилган қарорларини талаб қилади.

Икки томонлама даража тезроқ ҳаракат қилиш — корхоналар, инвестиция механизмларини яратиш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш имконини беради. Бироқ транспорт коридорини фақат икки давлат мантиғи асосида қуриб бўлмайди. Бу ерда келишилган тарифлар, божхона тартиб-таомиллари, рақамли ечимлар, порт ва темирйўл инфратузилмаси зарур. Бу ҳолат энергетика, экология ва саноат кооперациясига ҳам бирдек тегишлидир.

Шу сабабли «икки томонлама динамика плюс минтақавий мувофиқлаштириш» модели энг истиқболли ҳисобланади. Бундан ташқари, Марказий Осиё ушбу босқичга анча жипслашган ҳолда кириб келмоқда. Маслаҳат учрашувлари доимий мулоқот, муроса излаш ва умумий масъулият маданиятини шакллантирди. Озарбайжоннинг 2025 йил ноябрь ойида ушбу форматга қўшилиши мазкур жараённинг мантиқий давоми бўлди.

Бу ерда муносабатларнинг очиқ, амалий ва зиддиятсиз хусусиятини сақлаб қолиш принципиал жиҳатдан муҳимдир. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг яқинлашуви кимгадир қарши қаратилган бўлмаслиги, балки минтақадаги барча давлатларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши керак.

Gazeta: Сизнингча, Марказий Осиё — Жанубий Кавказ мулоқот платформасини ишга тушириш зарурати етилдими? Ёки Озарбайжоннинг Марказий Осиё Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши янги механизм яратиш эҳтиёжини амалда кун тартибидан чиқарадими?


Эльданиз Гусейнов:

Келинг, аввал Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши қандай натижалар беришини кузатайлик. Бокунинг ушбу форматдаги иштироки ҳали тўлақонли кўриниш олгани йўқ. Маслаҳат учрашувлари ҳали ҳам «Марказий Осиё — Озарбайжон» деб аталмоқда, мамлакат ҳали учрашувлар логотипида акс эттирилмаган ва C5+1 форматидаги учрашувларда ҳам қатнашмаяпти. Озарбайжоннинг бундай форматга қўшилишига ягона мисол сифатида Афғонистондаги таҳлилий марказлар учрашувини келтириш мумкин.

Аброр Фатхуллаев:

Жанубий Кавказ фақат Озарбайжоннинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Минтақада турли геосиёсий йўналишларга эга Грузия ва Арманистоннинг мавжудлиги ягона умумминтақавий платформани шакллантиришни объектив равишда мураккаблаштиради.

Назаримда, ҳозирги «Марказий Осиё — Озарбайжон» формати бугунги куннинг тактик вазифаларини самарали ҳал қилмоқда. Боку Жанубий Кавказнинг сўзсиз иқтисодий ва логистик етакчиси ҳисобланади. Озарбайжоннинг Марказий Осиё форматидаги иштироки икки минтақа ўртасида мустаҳкам институционал алоқани яратади, чунки Кавказдаги барча узлуксиз энергетика, транспорт ва рақамли йўналишлар айнан Озарбайжон инфратузилмаси орқали ўтади.

Бироқ узоқ муддатли истиқболда тўлақонли «Марказий Осиё — Жанубий Кавказ» платформасининг ишга туширилиши тарихий заруратга айланади.

Бугунги кунда Жанубий Кавказ турли ташқи сиёсий йўналишларга эга учта давлатни ўз ичига олган мураккаб минтақа бўлиб, у ерда Грузия аллақачон Боку — Тбилиси — Карс темирйўли орқали транзит жараёнларига чуқур интеграциялашган.

Янада яхлит геоиқтисодий макон эса транспорт коридорлари очилиб, ишга туширилгандан кейин Арманистон ҳам умумий Евроосиё тармоғига интеграциялашганда шаклланиши мумкин. Ереваннинг Европа интеграцияси фойдасига билдирган сўнгги баёнотлари эса умид бағишлаб, Арманистонни Марказий Осиё пойтахтлари учун янада олдиндан айтиб бўладиган ва истиқболли ҳамкорга айлантиради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.