Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

«Кўксарой» қароргоҳида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модига Ўзбекистон Республикасининг «Олий Даражали Дўстлик» орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нарендра Модининг Ҳиндистонни ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат халқлари ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлади.

Давлат раҳбарига кўра, мазкур мукофот Ўзбекистон халқининг Ҳиндистон Бош вазири томонидан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп йиллик дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига бўлган чуқур ҳурматининг ифодасидир.

Давлат ташрифи ва олий даражадаги музокаралар давомида томонлар икки томонлама муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда янги суръат касб этгани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев юксак давлат мукофотининг топширилиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

«Умумий интилиш ва саъй-ҳаракатларимиз туфайли кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларимиз бундан буён ҳам жадал ривожланишига ишонаман», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.