Ўзбекистонда туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун имтиёзлар кенгайтирилди

Ўзбекистонда туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун имтиёзлар кенгайтирилди

Ўзбекистонда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Тегишли қоидалар Президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти якунлари бўйича 27 август куни имзоланган ПФ — 175-сонли Фармонида белгиланди.

Асосий чоралардан бири имтиёзли кредитлаш имкониятларининг кенгайтирилиши бўлди. Тижорат банклари меҳмонхоналар қуриш ва реконструкция қилиш учун миллий валютада 10 йилгача муддатга кредит ажратади. Бунда икки йилгача имтиёзли давр белгиланади. Кредит фоиз ставкаси йиллик 16 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, хорижий валютада кредитлар ажратилиши ҳам назарда тутилган. SOFR, EURIBOR ёки SHIBOR ставкаларидан юқори бўлган фоиз харажатларининг бир қисми «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан қопланади.

Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қурилиши учун субсидиялар ажратиш муддати ҳам узайтирилди. Мазкур имтиёз 2029 йил 1 январга қадар амал қилади. Меҳмонхонанинг тоифасини тасдиқлашда энди хорижий компания хулосасини олиш талаб этилмайди.

Тегишли вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда мамлакатда юлдузли тоифага эга 32 та меҳмонхона барпо этилган. Уларни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан субсидия шаклида 156 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Меҳмонхона бизнеси учун солиқ имтиёзлари ҳам узайтирилди. Мол-мулк ва ер солиғи бўйича 0,1 коэффициент 2030 йил 1 январга қадар қўлланилади.

Ер солиғи ва мол-мулк солиғини 90 фоизга камайтириш бўйича имтиёзлар меҳмонхоналарга, шунингдек, палаткали ва ўтовли кемпингларга татбиқ этилади. Кемпинглар учун ушбу имтиёз 2037 йил 1 январга қадар амал қилади.

Туризм субъектлари учун автобуслар, электробуслар ва микроавтобусларни импорт қилишда божхона божидан озод қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар узайтирилди. Саккиздан ортиқ ўриндиққа эга микроавтобуслар утилизация йиғимидан ҳам қўшимча равишда озод қилинади.

Яна бир чора туристик хизматлар экспорти билан боғлиқ. 2027 йил 1 январдан хорижий туристларга туроператорлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар экспортга тенглаштирилади. Улар ҚҚСдан озод қилинади.

Меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналарида рақамли маркировкага эга товарлар муомаласини юритиш тартиби ҳам соддалаштирилади. Сув, ичимликлар, пиво ва тамаки маҳсулотлари харид қилинганда, уларга бириктирилган маркировка кодлари якуний истеъмол учун сотилган деб ҳисобланади.

Бу тартиб товарларни кейинчалик қайта сотиш устидан қўшимча назоратдан воз кечиш имконини беради.

Бундан ташқари, 2026–2027 йилларда 50 тадан ортиқ хонага эга меҳмонхоналарда нақд хорижий валютани айирбошлаш шохобчаларини босқичма-босқич очиш ва банкоматлар ўрнатиш режалаштирилган.

Айни пайтда қатор қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш босқичида қолмоқда. 2026 йил ноябрь ойига қадар Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.

Лойиҳада туристик йиғим миқдорини яшаш қийматига қараб қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналарда автотураргоҳ ташкил этиш бўйича мажбурий талабни бекор қилиш ҳамда 10 нафардан ортиқ туристдан иборат гуруҳларни олиб келувчи туроператорлар учун маданий мерос объектларига киришда 30 фоизгача чегирма жорий этиш таклифлари назарда тутилган.

Кутилаётган ўзгартишлар тегишли Президент қарори қабул қилинганидан сўнг кучга киради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.