Ўзбекистон ҲҲК Embraer компаниясидан биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилиб олди
Embraer компанияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларига буюртма қилинган янги авлоддаги C 390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётларидан биринчисини топширди. Бу ҳақда Embraer матбуот хизмати
хабар берди.
Расмий маросим Сан Паулу штатидаги Embraer’нинг Гавиан Пейшоту синов базасида Ўзбекистон ҲҲК қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурҳанов ва «Ўзтехтрейд» давлат корхонаси (ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар импорти билан шуғулланади) директори Олимхон Рустамов иштирокида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу турдаги самолётларнинг биринчи буюртмачиси ва операторига айланди. 2024 йил охирида имзоланган шартнома, шунингдек, ўқитиш ва қўллаб-қувватлашнинг комплекс пакетини ҳамда эҳтиёт қисмларни етказиб беришни ўз ичига олади.
«Биринчи C 390 Millennium’нинг етказиб берилиши Ўзбекистон ҲҲКни модернизация қилишда олдинга ташланган салмоқли қадамдир. Самолётнинг фавқулодда парвоз-техник хусусиятлари, универсаллиги ва кўп мақсадли имкониятлари бизга кенг кўламли вазифаларни янада юқори самарадорлик ва тайёргарлик билан бажариш имконини беради. Биз ушбу замонавий платформанинг қуролланишга қабул қилинишини ва оператив имкониятларимиз янада мустаҳкамланишини интиқлик билан кутмоқдамиз», — деди Аҳмад Бурҳанов.
«Ўзбекистон ҲҲКга биринчи C 390 Millennium самолётини топшириш ва Ўзбекистонни дунё бўйлаб C 390 операторларининг кенгайиб бораётган ҳамжамиятида қутлаш биз учун катта шарафдир», — деди Embraer Defense & Security президенти ва бош директори Боско да Коста Жуниор. У самолётни ўрта масофага тактик ҳаво ташувларида янги стандарт деб атади ва у мамлакат ҲҲКга ўнлаб йиллар давомида янги имкониятлар ҳамда оператив мослашувчанликни таъминлаши кераклигини таъкидлади.
XXI асрда ишлаб чиқилган ва яратилган C 390 Millennium ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. У ўртача юк кўтариш қувватига эга бошқа ҳарбий-транспорт самолётларига қараганда кўпроқ юк (26 тонна) ташиш, шу билан бирга юқорироқ тезликка (470 узел) эришиш ва узоқроқ масофаларни босиб ўтишга қодир.
Самолёт кенг кўламли вазифаларни, жумладан, юклар ва шахсий таркибни ташиш, техника ва ҳарбий хизматчиларни десант қилиш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув операциялари (SAR), ёнғинларни ўчириш ва гуманитар миссияларни бажариши мумкин. Бунда у вақтинчалик ёки тупроқли учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
Ҳавода ёнилғи қуйиш учун тез ечиладиган ускуналар мажмуаси (AAR) билан жиҳозланганда, самолёт ҳам ҳаво танкери, ҳам ҳавода ёнилғи қабул қилувчи самолёт функцияларини бажара олади.
Бразилия ҲҲКдан ташқари, ушбу янги авлод кўп мақсадли самолёти Португалия, Венгрия, Корея Республикаси, Нидерландия, Австрия, Чехия, Ўзбекистон, Швеция, Бирлашган Араб Эмирликлари, Словакия, Колумбия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан танланган.
Ҳозирда Ўзбекистон ҲҲК Ил 76 ва CASA C 295 (Airbus Defence and Space) ҳарбий-транспорт самолётларидан фойдаланмоқда.