Аслида, бизда азалдан “хўжайин” деганда хусусий мол-мулк эгаси, яъни мулкдор, бой одам тушунилган. Бу, шунингдек, сўзлашув тилида аёлнинг турмуш ўртоғига мурожаат шаклига айланган.
Ушбу атаманинг кимгадир нисбатан ишлатилиши мурожаат қилганнинг ўша кишига мутелиги, қарамлигини, ҳамма ишда унга бўйсунишга тайёрлигини англатмайдими? Шу кунларда давлат идораларида расмий иш муҳитида раҳбарга «хўжайин» деб мурожаат қилиш нотўғрилигини ва бу ўрта асрларга хос эканлигини англаш шунчалик қийинми?!
Мурожаат этикаси бўйича раҳбарга “хўжайин” деб мурожаат қилиш расмий ва профессионал иш муҳитида ноўрин саналиши лозим. Албатта, раҳбарга ҳурмат билан мурожаат этиш лозим. Аммо бунда субординацияни сақлаган ҳолда ва ўзини камситмасдан мулоқотга кириш айни муддаодир.
Биз кўп йиллар давомида раҳбарга исми ва отасининг исми билан мурожаат қилиб келдик. Ушбу шакл ҳозир ҳам айрим корхона ва ташкилотларда, масалан, тиббиёт ходимлари ўртасида сақланиб қолган. Аммо айримлар бу рус мурожаат этикетидан келиб чиққан деб, ундан воз кечишни афзал кўрмоқда. Шундай бўлса, ҳаммамиз “хўжайин” атамасига ўтамизми?
Ушбу саволга жавоб топиш учун, яъни раҳбарга қандай мурожаат қилиш лозимлигига аниқлик киритиш масаласини мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилсак, тўғри бир тавсия ишлаб чиқилса керак.
Интернет кенгликларини чўқалаб, бу борада айрим тавсияларга кўзим тушди.
Исми ва ота исмини айтиш; исмига «ака», «опа» ёки «хоним», «жаноб» сўзларини қўшиш; лавозими билан мурожаат қилиш, масалан, “Жаноб директор”, “Устоз”, “Раҳбар»” (ички ишлар органларида кўпинча “ўртоқ бошлиқ” деб мурожаат қилинишига гувоҳ бўламан).
Ушбу йўналишда изланишлар давомида шарқ маданиятида шу кунларда мурожаат этикети қандайлигини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.