«Уйчи туман иқтисодиёти оғир ҳудуд», — деди Президент
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
2021 йилда бу ерда темирчиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиб, хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратиб берилди. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланди. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.
Жойларда бу маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари, қўшни давлатларга 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Президентимиз мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ёшларни ва ишсиз фуқароларни ҳунарга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда маҳаллабай ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Сайхунобод тажрибаси асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганган.
— МенСайхунободда “буйилиқтисодиётимиздаҳаётийуйғонишваюксалишйилибўлади” дедим. Мақсад — инсон салоҳиятига капитал йўналтириш, уни ҳаракатга ундаш, дунёқарашни ўзгартириш. Уйчи тумани ҳам иқтисодиёти оғир ҳудуд. Ушбу тизим асосида ишсизларга томорқадан даромад топиш, ўз ишини очиш, қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш керак, — деди Президент.
Мазкур маҳаллада 5 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Хонадонлар метални қайта ишлаш, деҳқончилик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган.
Бу йил маҳалла қиёфаси яхшиланди. Маҳалла идораси учун янги бино қурилди. Барча хонадонлар ичимлик суви таъминотига уланди. Ички йўллар, электр тармоқлари таъмирланди. “Яшил макон” дастури доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Маҳаллада тикувчилик цехи, гўзаллик салони, спорт майдончалари, тиббиёт пункти, кутубхона, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.