Анъанага кўра матбуот анжумани билан бошланган фестивални Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Тойво Клаар ҳамда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчанов очиб берди. Бу йилги дастурдан Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения каби 10 та давлат режиссёрлари томонидан суратга олинган 11 та фильми ўрин олган.
2013 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу фестивал мамлакатлар ва инсонларни кино санъати орқали бирлаштиришни мақсад қилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг тўққизта ҳудудида 120 дан ортиқ Европа кинокартиналари намойиш этилган. Бу йилги байрам географияси Тошкент билан бир қаторда Урганч шаҳрини ҳам қамраб олмоқда.
Фестивалнинг очилиш картинаси сифатида Франция ва Люксембург ҳамкорлигида суратга олинган, нуфузли «Pulcinella» мукофоти соҳиби бўлмиш «Боғдаги қайиқ» (Slocum et moi) анимацион фильми тақдим этилди. Шунингдек, фестивал кунлари талабалар учун ҳам қисқа метражли фильмлар намойиши ва махсус тадбирлар ўтказилади.
Фильмлар намойиши Тошкентда (23–25 октябрь) ва Урганчда (27 октябрь) бўлиб ўтади. Барча сеансларга кириш бепул бўлиб, фильмлар оригинал тилда, ўзбек ёки рус тилидаги субтитрлар билан тақдим этилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.