Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, ушбу давлатда бўлиб турган ёки чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.
Унга кўра, шахсни таcдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинди.
«Ўзбекистонликлар бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан Ўзбекистоннинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Москва вилоятидаги Crocus City Hall концерт залида содир бўлган фожиа оқибатида ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан президент Владимир Путинга таъзия йўллагани ҳақида хабар берган эдик.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.