Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи энг олис ва оғир ҳудудларда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Мазкур режаларни сифатли ва тезкор амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, тижорат банклари ҳамда тегишли вазирлик ва идора вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Хусусан, Республика ишчи гуруҳи вакиллари вилоят секторлари ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни тезкор ҳал қилиш мақсадида “оғир ҳудуд” тоифасига киритилган барча 56 та маҳаллада жами 41 мингдан зиёд хонадонда ўрганишлар ўтказди. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар асосида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Жумладан, ободлик мезонларини жорий этишда жами 9 мингдан зиёд ижтимоий соҳа объектлари ҳамда хонадонлар таъмирланди. Шулардан, 2,2 мингта уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан бепул асосда жорий ва капитал таъмирлаб берилди.
Шу билан бирга, газ таъминотини яхшилаш мақсадида 81 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 121 км газ тармоғи таъмирланди. Аҳоли мурожаатидан келиб чиққан ҳолда 3,1 мингдан зиёд қўшимча суюлтирилган газ баллонлар етказиб берилди.
Ичимлик суви таъминотини соҳасида 88 км узунликдаги янги сув тармоғи тортилди, 36 та ичимлик суви иншооти (скважина, минора, резервуар, насос станцияси) таъмирланди.
Бундан ташқари, халқимиз учун муқаддас Рамазон ойи кунлари 54 та қабристон ободонлаштирилиб, 6 тасида хонақоси янгидан қурилди, 10 таси жорий таъмирланди.
Республика ишчи гуруҳининг эътибор марказидаги масалалардан яна бири аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлди.
Республика ишчи гуруҳи фаолиятиниг яна бир муҳим йўналиши — жойларда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш бўлди.
Ушбу мақсадда маҳаллаларда 10 мингдан зиёд турли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, хонадон маданиятини юксалтириш, оилаларда фарзанд тарбияси, ота-она ва фарзанд муносабатлари, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, касаначиликни ривожлантириш, “Уч авлод учрашувлари”, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш тадбирлари, спорт тадбирлари ва ҳ.к. Натижада, 544 та оиладаги нотинч ва низоли ҳолатлар жамоатчилик аралашуви билан бартараф этилди.
“Яшил макон” умуммиллий дастури ижроси доирасида барча 56 та маҳаллада қаровсиз қолиб кетган ерларга кўчатлар экилиб, “маҳалла боғлари” яратилди. Кўчалар бўйлаб ва уйлар атрофига гуллар, мевали ва манзарали дараҳтлар экилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолиятининг яна бир муҳим йўналишларидан бири бугуннинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланган камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ва шу орқали оилаларнинг даромадини оширишдан иборат бўлди. Бу йўлда аҳоли томорқа ер майдонларидан унумли фойдаланишини йўлга қўйиш — энг самарали усул саналади. Шу боис барча маҳалларда “Томорқа — даромад манбаи” мавзусида семинарлар ташкил этилди.
Семинарларда туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган мутасаддилар, сектор раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди. Амалий семинар шаклида ташкил этилган тадбир қатнашчилари томорқадан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жараёнлар ўрганилди. Мақсад аниқ — томорқадан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад топаётган оилалар тажрибасини оммалаштириш бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.