Ўзбекистон ФВВ ва ТИВ марҳумларни ватанга қайтариш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
3 апрель куни Қозоғистоннинг Актобе вилоятида йўл-транспорт ҳодисаси натижасида Toyota-Alhpard русумли автомобилида бўлган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар бергандик.
Ўзбекистон ФВВ Матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан, бахтсиз ҳодисада вафот этганларни Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали Ватанга олиб келиш ва дафн этиш маросимларини ўтказиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиб, керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Фавқудодда вазиятлар вазирлиги масъуллари Қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистоннинг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишламоқда. Ҳолат алоҳида назоратга олинганган.
«Қўшимча маълумотлар бўйича ЎР Ақтау шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги рақам бўйича мурожаат қилишингиз мумкин +7 (729) 277-71-17», дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.