Давлатимиз раҳбари баҳорнинг илк кунларида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича аниқ муддатли топшириқ берган эди. Президент Халқ қабулхонаси айни шу топшириқ ижроси бўйича ўзига бириктирилган Шовот ва Ҳазорасп туманларида иш олиб борди.
Хусусан, Шовотнинг “Шовот” маҳалласидаги ҳунарманд Садоқат Матпанаева корхонаси фаолияти ўрганилди. Ҳозирги кунда корхона 10 турдаги қуроқлар тайёрлаб, Қозоғистонга экспорт қиляпти. Буюртмалари кундан кун ошаётган Садоқат Матпанаева ҳам бугун яна 6 нафар қуроқчини ишга қабул қилди. Умуман, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан бир ойда Шовотда 60 нафардан зиёд ишсиз аёлларга тикув машиналари олиб берилиб, улар бандлигини таъминлаш учун ўндан ортиқ маҳаллада кооперациялар ишга туширилди.
Бундан ташқари, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан бир қатор ёшларга мотокультиваторлар ва бошқа иш анжомлари олиб берилди. Дейлик, шовотлик 2-гуруҳ ногирони Бекпўлат Эшжоновга ҳам этикдўзлик ускуналари совға қилингач, натижа уч кундаёқ билинди. У ўз кичик тадбиркорлиги бошлади.
Бир сўз билан айтганда, Президент Халқ қабулхонасининг Ҳазорасп ва Шовот туманларидаги фаолияти давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож 274 нафар мурожаатчининг энг бирламчи ҳаётий муаммолари ҳал қилинди, шундан қарийб 170 нафар мурожаатчи доимий иш билан таъминланди.
Халқ билан мулоқотнинг мазкур янги ҳаётий механизми энди Янгибозор ва Тупроққалъа туманларида амалга оширилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.