Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, ушбу видеода айтилган тиббиёт муассасаси Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси бўлиб, мазкур марказ 425 ўринга мўлжалланган.
Муассаса кеча-ю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатадиган кўп тармоқли болалар шифохонаси ҳисобланиб, бу ерда турли йўналишдаги, яъни неврологик, жарроҳлик, антиробик, травмотологик, неонатологик, офтальмологик ва соматик касалликлар билан мурожаат қилган 18 ёшгача бўлган болаларга стационар ва амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилади.
Шифохонага бир суткада ўртача 300-350 нафар бемор мурожаат қилиб, улардан 55-65 нафари стационар ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилади. Қолганларга эса бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, яшаш ҳудуди бўйича оилавий шифокор назоратига юборилади.
Бугунги кунда ушбу тиббиёт муассасаси қабулхонасига фақатгина тана ҳарорати кўтарилиши ёки томоқ оғриғи билан эмас, балки аллергик тошмалар, ич кетиши, кўз ва қорин оғриғи, чақалоқларнинг қулоғи оғриши, безовталик, аппендицит, диск чурраси каби ташхислар билан ҳам мурожаат бўлмоқда.
Оилавий поликлиникалар фаолияти эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача давом этишини инобатга олсак, тунги пайт бемор болаларга тиббий ёрдам олиш учун асосан болалар шифохонасига мурожаат қилинади. Натижада кечки вақтда беморлар сони бирмунча ортади.
«Шундай экан ижтимоий тармоқларда болалар шифохонасига иситма ва томоқ оғриғи бўйича мурожаатлар сони ортгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани маълум қилинади»,- дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.