Энди давлат гранти ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади

Энди давлат гранти ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади

Президент тизимда адолат бўлишини айтиб, тизимда янгиликлар қилишга кўрсатма берди.

Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда маълум қилинди.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди. Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Малака талаблари бўйича ҳам долзарб масалалар кўп. Мамлакатдаги айрим мезонлар халқаро стандартларга ва иш берувчи талабларига тўлиқ мос келмайди. Меҳнат бозорида мавжуд 8 мингга яқин ишчи касбдан 5 мингдан ортиғи бўйича малака стандартлари ишлаб чиқилмаган. Борлари ҳам аниқ ва сифатли эмас.

Шунингдек, малакани баҳолаш марказларида сертификатлаш йўлга қўйилмаган. Миллий малака тизимига доир жараён ва ҳужжатлар Электрон платформада юритилмайди.

Шу боис Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Бу аҳоли бандлигига бевосита дахлдор долзарб масала. Шунинг учун бу борада қонунлар ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар масъулиятини белгилаш, ижроси устидан назоратни кучайтириш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Мамлакатда йилига 3 мингдан зиёд саноат корхоналари ташкил этилиб, 146 минг иш ўрни яратилаяпти. Уларда йилига 25 мингдан зиёд муҳандис ва технологларга эҳтиёж бор. Мутасаддиларга ушбу таълим йўналишида кескин ўзгариш ясаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.