Давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти топширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди.
Нуронийлар Президентга невара-чевараларининг ўқиш ва ишлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди. Улар таълим, қурилиш, ички ишлар, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшмоқда. Ёшлар замонавий билим олиб, чет элларга ўқишга кетмоқда. Боболар уларни тинчликнинг қадрига етиш, ватанпарварлик, меҳнатсеварликка даъват этиб келади.
«Ҳамма ҳаракатларимиз халқимизни рози қилиш учун. Ислоҳотлар натижаси энг қуйига, ҳар бир хонадонга кириб боришини истаймиз. Режаларимиз ҳам катта. Ҳамма жипслашса, биргаликда ҳаракат қилса, ўйлаган ниятларимизга тезроқ етишамиз. Сиздек нуронийларнинг дуолари бунда бизга мададкор бўлади. Сизларнинг ҳаётингиз ирода, жасорат мактаби, гапларингиз ёшларга ибрат», – деди Шавкат Мирзиёев.
Отахонлар меҳр-эътибор учун давлат раҳбарига раҳматлар айтди. Дунёнинг тинчлиги, ёшларнинг порлоқ келажагини сўраб дуолар қилди.
Маълумот ўрнида, госпиталда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари муносиб парвариш қилинмоқда. Бу муассаса мукаммал таъмирланиб ва янги бинолар қурилиб, 2022 йил фойдаланишга топширилган эди. Госпиталь жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.