Ўзбекистонда бюджет маблағларининг молиявий назорати кучайтирилади
Президент бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати
хабар қилди.
Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат дастурларидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга қаратилган стратегик аудит ҳамда давлат ташкилотларидаги дастурий таъминотлар самарадорлиги бўйича ахборот технологиялари аудити жорий этилиши мўлжалланмоқда.
Ўзбекистонда 30 мингга яқин бюджет ташкилоти ва давлат корхоналари бўлиб, уларни жойига чиқиб ўрганишга кўп вақт ва маблағ кетади. Шунинг учун Ҳисоб палатасида “Масофавий назорат маркази” ишга туширилди. Энди илғор хорижий тажриба асосида 36 та риск-таҳлил мезонлари ва индикаторларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда ҳудудлар ривожига катта маблағлар йўналтирилаяпти. Лекин маҳаллий кенгашлар бюджет муҳокамасида асосан вилоят ёки туман бюджети билан чекланаяпти. Бу – ҳар бир ҳудудга барча манбалардан берилаётган маблағларнинг 65-70 фоизи уларнинг назоратидан четда қолаяпти, дегани.
Шу боис Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини нафақат Олий Мажлис палаталарида, балки маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилиб бориши кераклиги қайд этилди.