Сенаторлар Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонунни маъқулладилар.
Таъкидланганидек, қонун билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказишни, ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар мазкур Қонун аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга, мамлакатимизда криминоген вазиятнинг яхшиланишига ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтининг таъсир этиш доирасини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 277-моддасида (безорилик) баданга енгил жикаст етказиш қилимишига жазо белгиланган. Мазкур қилмиш билан айбланганлар БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.